Бугунги кунда юксак техник ва технологиялар ҳамда ривожланган тараққиёт, шунингдек, инсон ҳуқуқлари асри сифатида эътироф этиш мумкин. Аввало, жамиятнинг тараққий этиши ва ривожланишида инсоннинг ўрни қанчалик зарур эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Таъкидлаш жоизки, одам савдоси – инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, уларнинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилишдек оғир ва жирканч жиноят ҳисобланади. Мазкур ҳолат билан боғлиқ жиноятлар ҳозирги кунда айрим мамлакатларда кенг тарқалиб, дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солиб келмоқда. Айрим шахсларнинг республикамизда инсон ҳуқуқлари учун ишлаб чиқилган қонунларга бўйсунмаган ҳолда мўмай даромад топиш илинжида турли давлатларга кетиб, у ерга бориб ҳар қандай шароитда ишлаётган ёшларимизнинг борлиги ачинарли ҳолат.
Одам савдоси қулликнинг замонавий усули, қул савдосининг янги туридир. Жиноятчилар, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни мажбурий меҳнат ва жинсий қуллик қопқонига алдаб туширмоқда. Одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар куч, фирибгарлик, мажбурлаш ва бошқа жиноий воситалардан фойдаланган ҳолда, ҳимояга муҳтож, заиф ва тушкунликка тушган инсонларни дунёнинг бошқа давлатларига олиб кетади. Одам савдоси жинояти трансмиллий характерга эга экани боис, унинг олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва айбдорларни жазолаш учун барча давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига эҳтиёж сезилмоқда.
Одам савдоси инсонларни ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилади, бутун дунёда уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига сабаб бўлади. Шу жумладан, бу жиноят шахсларга хавф туғдириш йўли билан қўрқитиш, жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиш, номусга тегиш, ҳужжатларни ўғирлаш орқали амалга оширилади. Жабрланувчилар меҳнат эксплуатацияси ва жинсий эксплуатацияга мажбур қилинади. Маълумки, меҳнат эксплуатацияси қуллик, мажбурий меҳнат ва қарз тобелигини, жинсий эксплуатация эса жинсий тижорат саноати тузоғига тушган инсонларга нисбатан шафқатсиз муомалани акс эттиради.
Мамлакатимизда одам савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш борасида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Конституциянинг 26-моддасига кўра эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Одам савдосига қарши курашишнинг қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда самарали восита ҳисобланади. Одам савдосига қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда 2008 йил 17 апрелда "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Қонун қабул қилинишида халқаро ҳуқуқий нормалар билан бир қаторда, Россия, Молдова, Озарбайжон каби хорижий давлатларнинг қонунчилик соҳасидаги тажрибалари эътиборга олинган.
Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдан иборат. Шунингдек, одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатлари қонунда аниқ кўрсатилган. Одам савдосига қарши курашиш фаолиятининг идоралараро характерга эга экани инобатга олиниб, одам савдосига қарши курашиш бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, қонунда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш (тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа) ва ҳимоя қилиш каби қоидалар ўз аксини топган.
Бундан ташқари, 2008 йил 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинган. Мазкур Қарор билан одам савдосига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича ишларнинг Миллий режаси, Одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг Низоми ҳамда Одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро Республика комиссияси таркиби тасдиқланиб, жабрланувчиларга ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши кураш муаммоси долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, Конституция, миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро қонунчилик нормалари мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш инсонпарвар ҳуқуқий-демократик давлатнинг устувор вазифаларидан биридир.
Адхам Мирзаев
Вилоят суди раисининг ўринбосари
Абдулазиз Паязов
Судья катта ёрдамчиси
Тасодифий хабарлар
Сардор Умурзоқов ҳокимлар ва бошқа раҳбарларни жиддий огоҳлантирди
Жуда кўп ишларимиз тўсиқларга, жойлардаги ноинсофликларга дуч келмоқда – Президент
Тошкент вилоятида 100 га яқин таълим муассасаси карантинга олинди
Кечиктирилган пенсия ва нафақа пуллари қачондан тўланиши маълум қилинди
Журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда