Машина ойналарини қорайтириш нархи арзонлашадими? Қарорлар халқ учунми ёки аксинча?..

Машина ойналарини қорайтириш нархи арзонлашадими? Қарорлар халқ учунми ёки аксинча?..

Ёзнинг иссиқ кунларида автомобилингизда қуёшдан сақланган ҳолда юришингиз учун 20 миллион сўмдан ортиқ харажат қилишингиз лозим. Орамизда 5-10 йиллаб ишлаб ҳам шунча пул орттириб, йиға олмайдиганлар бор. Демак, улар ўз автомобилида “комфорт” яратишга қодир эмас. Юртимизда 8-9 ой қуёш чарақлаб, ёз чилласи одамни беҳузур қилади. Аксарият автомобиль ҳайдовчиларининг бир қўли офтобда куйганидан ҳам ажратиб олиш мумкин. Яна бунинг устига, тиббиёт ходимлари қуёшнинг ультрабинафша нурлари тери саратони касалига олиб келишидан огоҳлантиради. Шундай экан, юртимизда автомобиль ойналарини қорайтириш фақат пулдорлар имконияти етадиган қулайликка айлантирилгани қанчалик тўғри?
Бу ҳақда Халқ депутатлари Чилонзор тумани кенгаши депутати Умид Санақулов фикр билдирди:

c443578e-dc3d-4d7f-a668-95c201e1b464.jpg

– Машина ойналари “тонировка”си ўртача маош олиб ишлайдиган юртдошларимиз учун жуда қиммат. Бироқ, автомобиль ойналарини қуёшдан сақланиш учун қорайтириш бизнинг иқлим шароитимизда жуда зарур. Жамиятнинг маълум қатламигина қуёшдан сақланиб, салқин юра олади. Менимча, бу барча фуқаролар имконияти даражасида бўлиши керак. Агар, юртимизда 1-2 миллион автомобиль бўлса, уларнинг 0,1 фоизи ҳам “тонировка” қилдирмаган. Агар машина ойналарини қорайтириш нархи энг кам иш ҳақининг 10 бараварига камайтирилса, “тонировка” қилувчилар ҳам кўпаяди. Ўз-ўзидан бюджетга тушум ҳам ортади. Айни дамда тўловлар қимматлиги сабаб кўпчилик ундан фойдаланмаяпти. Хоҳловчиларни эса нарх қимматлиги қийнамоқда. Ҳужжатсиз машинаси ён ойналарини “тонировка” қилаётганлар ҳам анчагина. Қарорлар билан одамларни қийнаш керак эмас. Аксинча, қарорлар халқ фаровонлигига хизмат қилиши лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, одамлар ҳукуматдан рози бўлиши, уларда норозилик кайфиятини уйғотадиган қарорлардан тийилиш керак. Қарорларнинг туб моҳияти ва мақсади халқ ҳаётини яхшилаш, уларга қулайлик яратишга қаратилган бўлса мақсадга мувофиқ бўлади. Мен сўнгги вақтдаги “тонировка”, мактабга қабул қилишдаги тўловлар масаласини халқ фаровонлиги кўзланган қарорлар, дея олмайман.
Жорий йилнинг беш ойи давомида рухсатномасиз машина ён ойналарини қорайтирган ва пардалар билан ёпган 1072 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, чора кўрилган.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг беш ойи давомида рухсатномасиз машина ён ойналарини қорайтирган ва пардалар билан ёпган 1072 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузилиб, чора кўрилган. Рухсатномасиз машина ойналарини қорайтириш энг кам иш ҳақининг 25 баробари миқдоридаги жарима билан жазоланади.
Шунингдек, ҳозиргача 400 га яқин автомобиль эгаси рухсатнома асосида тўловларни бажариб, “тонировка” қилдирган. Рухсатномасиз “қора ойналарда” юрган ҳайдовчилар сони улардан ортиқроқни ташкил қилади. Демак, тўловлар арзонлашса, қонунни бузиш эмас, унга риоя қилиш осонлашади.
Анора СОДИҚОВА, ЎзА

×