Ижтимоий тармоқларда ўзини Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов дея таништирган шахсга тегишли видео мурожаат тарқалди.
Мурожаатда прокурор унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ва қандай қонунбузилишлар аниқланса, бунга жавоб беришини айтиб, республика бош прокурори ва унинг уч нафар ходимига алоқадор жиноятлар ҳамда бошқа маълумотларни фош этмоқчилигини маълум қилган.
Кўп ўтмай, ҳолат юзасидан Бош прокуратура расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилмоқда.
Муаллиф аризасида шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг тазйиқи билан Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидан 1 метр квадратининг ҳақиқий нархи 20 млн. сўм бўлган савдо дўконини унга 5 млн. сўмдан сотганлигини, орадан бир йил ўтиб, яъни 2020 йил октябрь ойида шу нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилганлигини, рад жавобини берганлиги учун Ж.Фозилов уни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитаётганлигини билдирган.
Ушбу ҳолат бўйича Ж.Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинган.
«Текшириш давомида аризада келтирилган барча важлар, шу жумладан Ж.Фозиловнинг 2020 йил 11 декабрь куни ижтимоий тармоқлардаги баёнотида билдирган ҳолатларга тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилади.
Шу билан бирга, Бош прокуратура мурожаат ва баёнотда билдирилган барча масалалар бўйича шаффоф ва ошкора ўрганиш ўтказилишини, бунда жамоатчилик назоратини таъминлаш учун доимий ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилади.
Текшириш натижаси бўйича қўшимча равишда маълумот берилади», дейилади баёнотда.
Тасодифий хабарлар
Қозоғистон Украинага ҳарбий техника жўнатгани ростми?
Уханлик аёл ҳикояси: «Карантинда ўлгандан уйда ўлган афзал»
Эртага Мирзиёевни муҳим тадбир кутмоқда
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қанчага етгани маълум бўлди
Президент совутгич ишлаб чиқарадиган заводни ишга туширди