Президент маданият ва санъат соҳаси ходимларини байрам билан табриклади

Президент маданият ва санъат соҳаси ходимларини байрам билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига табрик йўллади. 


Давлат раҳбари ўз табригини ўзининг бетакрор истеъдоди, билим ва маҳорати билан эл-юртга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган санъат усталари ва ёш ижрочиларга, барча соҳа ходимларига фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдиришдан бошлаган. 

“Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори маданият ва санъат тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада соҳанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиб, ходимларнинг ижодий меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда.
Театр, кино, музей ва маданий тадбирлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати изчил яхшиланмоқда.
Замонавий бошқарув механизмлари жорий этилиб, давлат-хусусий шериклик асосида янги ижодий лойиҳалар, рақамли технологиялар ва илғор тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётгани, маданий контент яратиш кўлами кенгайиб бораётгани маданият муассасалари фаолиятида самарадорлик ва жозибадорликни янада оширишга хизмат қилмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби ҳамда ушбу йўналишда 5 та олийгоҳ ташкил этилди, кўплаб муассасалар замонавий жиҳозлар билан таъминланди, 125 та тарихий-маданий мерос объектида уларни асраш ва тиклаш бўйича зарур ишлар амалга оширилди.
Ўтган йили тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилдик. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилиши бошланди”, дейилади табрикда.

Давлат раҳбари жорий йилда Марказий кўргазмалар зали, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг биноси, Павел Беньков номидаги рассомлик мактабида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилгани, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилишини эслатган.

“Яна бир муҳим жараён – ўзбек маданий дипломатияси изчил ривожланмоқда. Нуфузли халқаро форумлар, танловлар, фестиваллар ҳамда маданият кунлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Хусусан, ўтган йили Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, Бухорода Биринчи халқаро замонавий санъат биенналеси, Нукусда Орол маданияти саммити, Хоразмда Туркий дунё маданият форуми, Тошкентда эса Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирларининг биринчи учрашуви юқори савияда ташкил этилди.
Энг муҳими, Ватанимизнинг санъат соҳасида халқаро жараёнлардаги иштироки кенгайиб, нуфузи ортиб бормоқда”, дейди Президент.

Шунингдек, Президент, ўзбекистонлик санъаткорларнинг Европадаги нуфузли маданият масканларидаги чиқишлари хорижлик санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотаётгани, бу ҳақда сўз юритганда, Австриянинг Зальцбург шаҳридаги Grosses Festspielhaus саҳнасида Ўзбекистон Миллий балети гуруҳи томонидан “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балети намойиш этилганини эътироф этган.

Шу йил 9 апрелда яна бир йирик санъат маскани – Musikverein саҳнасида Соҳибқирон Амир Темурнинг 690 йиллик таваллуд санасига бағишланган мусиқали опера асарининг тақдимоти ўтказилгани қайд этилган.

“Миллий кино санъатимизни ривожлантириш, хусусан, “Тирик тарих” туркумида ғоявий ва бадиий юксак асарлар яратиш борасидаги ишлар дастлабки натижаларни бермоқда. Ўтган йили давлат буюртмаси асосида 123 та кинофильм тайёрланиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Ўтган йилнинг ўзида соҳада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган 35 нафар ходим уй-жой билан таъминланди. Маданият муассасалари ходимлари иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилди. Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев, ёш хонандалар учун Ботир Зокиров номидаги мукофотлар ҳамда маҳаллий ва хорижий ижодкорлар учун “Келажак мероси” халқаро мукофоти тақдим этиб келинмоқда”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёевга кўра, бугунги кунда маданият ва санъат соҳасини маънавий тарбия воситаси ва креатив иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантириш, ижодий индустрияни қўллаб-қувватлаш, маданий хизматлар бозорини тараққий эттириш, санъат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Янги ташкил этилаётган Креатив индустрия парки айни шу мақсадларга хизмат қилади. Президентнинг урғулашича, 2030 йилгача креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5 фоизга етказилади. 

“Албатта, бу улкан режа ва ташаббусларни амалга оширишда сиз, жонкуяр ва фидойи инсонларнинг ўрни беқиёсдир. Сизларнинг билимингиз, тажрибангиз ва ижодий салоҳиятингиз миллий маданиятимизни янги босқичга олиб чиқишига ишончим комил.
Биз бундан буён ҳам соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий ва техник ходимлар меҳнатини муносиб қадрлашга устувор аҳамият қаратамиз”, дейди давлат раҳбари. 

Президент маданият ва санъат соҳаси ходимларини бугунги касб байрами билан табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, янги ижодий ютуқлар, хонадонига тинчлик ва файзу барака тилаган. 


Теглар:
×