Ўзбекистон телеканалларида дорилар рекламалари ва таниқли шахсларнинг уларни реклама қилиши тақиқланади

Ўзбекистон телеканалларида дорилар рекламалари ва таниқли шахсларнинг уларни реклама қилиши тақиқланади

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилишида янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

«Реклама тўғрисида»ги 30 та моддадан иборат қонун 1998 йил 25 декабрда (бундан 23 йил аввал) қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Янги таҳрирдаги ҳужжат «реклама объекти», «номақбул реклама», «ахлоқсиз реклама», «яширин реклама», «ҳомийлик» каби янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда. Янги қонун бўйича телеканалларда давомийлиги 10 дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланмоқда:

  • таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши;
  • олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорлигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш тақиқланмоқда.

Қонунда вояга етмаганларни уларнинг ишончи ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишдан ҳимоя қилиш тартиби ҳам алоҳида белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекомуникация тармоқлари ва интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар батафсил кўриб чиқилган.

Йиғилишда мазкур қонун айни пайтда Сенат қўмиталарида ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокамалардан ўтаётгани, барча таклиф ва тавсиялар инобатга олиниши ва тегишли хулоса қабул қилиниши назарда тутилгани таъкидлаб ўтилган. Қонун муҳокамаси давом этмоқда.

Теглар:
×