Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекфильм” киностудиясида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари Олий Мажлисга жорий йилги Мурожаатномасида кинематография соҳасида бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш, замонавий киноиндустрияни ривожлантириш, жумладан, янги кинотеатрлар қуриш лозимлигини таъкидлаган эди.
Шу мақсадда соҳага катта маблағ йўналтирилди. Хусусан, “Ўзбекфильм”даги барча павильонлар таъмирланиб, янги картиналар суратга олиш учун шароит яхшиланди. Мазкур киностудия ва ҳужжатли фильмлар студиясини замонавий техникалар билан жиҳозлаш давом этмоқда.
Президент шу ерда кино санъати фахрийлари, режиссёрлар, соҳа мутаcаддилари билан суҳбатлашди.
“Кино жуда мураккаб, халқимиз, жамиятимиз учун муҳим соҳа. Илгари “Ўзбекфильм” студияси хароба ҳолга келиб қолганди. Кўп жойлари, бинолари ижарага бериб юборилганди. Мана, ҳаммаси ўз эгасига – киночиларга қайтарилди. Етарли эътибор бўлмагани сабабли мамлакатимиз кино санъатида турғунлик пайдо бўлган эди. Фақат енгил-елпи, тижорат картиналари яратилиб, соҳа ривожи дунёдан ортда қолиб кетди”, деди Шавкат Мирзиёев учрашувда.
Кейинги пайтларда эътибор ва рағбат берилгани боис киноасарлар мазмуни ўзгарди. Хусусан, «Имом Термизий», «Исломхўжа», «Элпарвар», «Қўқон шамоли», «101», «Ибрат» каби тарихий фильмлар ишланди.
“Охирги йилларда яратилган киноларимизнинг сони кам бўлсаям, маъноси бор”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбек томошабини фақат чет эл телесериаллари таъсирига тушиб қолмаслиги, аксинча, тарихимиз, санъатимиз, адабиётимиз, қадриятларимизни яхши билиши, шу руҳда тарбия топиши кераклиги таъкидланди.
“Кино – тарбиянинг замини. Бу ижоднинг мактабини очишимиз керак. Ҳозир мукаммал фильмлар яратишга ҳавасимиз бор, лекин сифатлиси кам. Юртимиз тарихи ҳақида албатта фильм бўлиши керак. Бунга вақт келди”, деди давлат раҳбари.
Энг сара ўзбек фильмлари 100 талигини тузиб, давлат ва хусусий телеканалларда намойиш қилиш бўйича тавсиялар берилди. Президент миллий кино санъати фидойиларини эътироф этиш мақсадида ҳар бир ҳудуд умумтаълим мактабларига Раззоқ Ҳамроев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Лутфихоним Саримсоқова каби эл севган ижодкорлар номини беришни таклиф қилди.
Жаҳон киносаноати ютуқларини ўрганиш ва татбиқ этиш, ижодкорлар малакасини ошириб бориш, хусусан, ёшларни Россия давлат кинематография институтида ўқитиш бўйича фикрлар билдирилди. Шунингдек, болалар учун киностудия ташкил килиш ғояси ҳам илгари сурилди.
Тасодифий хабарлар
Мингбулоқда 93 нафар фуқарога 25 сотихдан ер берилди
Шаҳар ҳокимлиги товон пули тўлашда икки хил стандартга йўл қўяётган кўринади
“Россияга ҳужум даҳшатли оқибатларга олиб келади”. Путин дунёга таҳдид қилди
Ҳокимнинг қарори ёлғонмиди? Ёхуд Captiva прокуратурага бириктирилмаган
Гриппга қарши эмланганлар пневмониядан ҳам ҳимояланадими?