24 август куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Халқ таълими тизимига доир видеоселектор ўтказилди. Бу ҳақда блогер Исроил Тиллабоев ўзининг Telegram’даги канали орқали маълум қилди.
Таъкидланишича, видеоселекторда республикадаги мактабларни очиш бўйича бир қатор масалалар кўриб чиқилган. Хусусан, Ўзбекистонда 7 сентябрдан эпидемиологик вазият яхши бўлган айрим ҳудудларда тажриба тариқасида мактаблар очилади. 14 сентябрдан эса барча ҳудудлардаги мактаблар фаолиятига рухсат берилади. Мактаблар очилгач, ўқувчилар «Синф режими» тартибида ўқишади. Яъни хонама-хона кўчиб юрмайди. Барча ўқитувчилар коронавирусга тест топширади, кейинроқ вирусга қарши вакцина қилинади.
Шунингдек, барча мактабларда изоляция хоналари ташкил қилинади, мактабларнинг биронтасида буржуйка печкалар қолмайди.
Ётоқда қоладиган ўқувчилар (ИДУМИ) озиқ-овқатлари, албатта, СЭС назорати остида бўлади.
«Kun.uz»нинг ёзишича, шу куни Самарқанд вилоятида эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. Унда нутқ сўзлаган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов таълим муассасалари раҳбарига мурожаат қилиб, сентябрь ойининг иккинчи ярмида мактабларда таълим жараёнини бошлаш ишлари ўрганилаётгани ҳақида гапирган ва мабодо таълим жараёнлари бошланадиган бўлса, вилоятдаги барча мактабларда санитария қоидаларига мос жиҳозларни тайёрлаб қўйиш лозимлигини айтган.
Маълумот учун, мактабларнинг қачон очилиши ҳақида Республика махсус комиссияси ҳам, Халқ таълими вазирлиги ҳам расман ахборот бергани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда 1—4 ва 11-синфлар 2 сентябрдан, 3—7 ва 9-синфлар 20 октябрдан, 5—8 ва 10-синфлар 5 ноябрдан мактабга бориши ҳақида айтилган бўлса, яна бирида 10 сентябргача мактаблар очилишига кўрсатма берилгани ҳақида хабар тарқалган, Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова буни рад этган, вазирлик 2020/2021-ўқув йили учун 3 та сценарий устида ишлаётганини маълум қилган эди.
Тасодифий хабарлар
Сеул КХДРни ҲАМАСга қурол етказиб беришда айблади
“Ҳизбуллоҳ” Исроилга жумагача муҳлат берди
«Бугун Наманган шаҳрини айланаман. Шаҳар раҳбарларининг ишда қолиш-қолмаслиги шунга боғлиқ» — Президент
Ўзбекистонда доллар курси кўтарилишда давом этмоқда
Саудия Арабистони подшоҳлик оиласининг 150 аъзосида коронавирус аниқланди