Бирваракайига қатор нуфузли халқаро олий ўқув юртларининг талабаси бўлаётганлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда тез-тез ўқияпмиз ҳамда бундай хушхабарларни қабул қилишга ўрганиб кетдик. Аслида, шу чўққига етиш учун ука-сингилларимиз ўзларини ўйин-кулгудан тийиб, тиним билмай илм хаёли билан ётиб-турганларини эса ҳис қилавермаймиз. Ҳа, юксак марралар сари интилаётган келажагимиз эгаларининг сафи тобора ортиб бораётгани ғоят қувонарли ҳол.
Наманган шаҳридаги 34-мактаб битирувчиси Довудхон Алижонов тенгдошларидан иқтидори билан ажралиб турадиган эртамиз бунёдкорларидан.
Омади кулган билимли йигит бир вақтнинг ўзида 10 та хорижий олий таълим муассасаси талабасига айланиб, ҳайратлантирди, ҳаваслантирди. Энди у Британиянинг Вестминстер, БМУ, Эссех, Американинг Вебстер, Ҳиндистоннинг Шарда, Сингапурнинг МДИСТ, Кореянинг ЁДЖУ, Латвиянинг ИСМА университетлари ҳамда Кембридж халқаро коллежида ўқиш ҳуқуқига эга.
- Оилада тўнғич фарзандман, болалигимдан отамнинг меҳнат фаолиятига қизиқишим баланд. Иқтисод йўналиши севимли соҳам, буюк иқтисодчи бўлиш ният-мақсадимдир. Мактаб давримда инглиз тилини ўргандим, бемалол сўзлаша оламан. Чет тили даражаси бўйича халқаро сертификатини қўлга киритгач, математика фани билан алоҳида шуғулландим. Уйдагилар дарс тайёрлашим учун барча шароитларни муҳайё этишган. Мана, ҳозир ота-онам, ўқитувчиларим эътибори ва изланишларим серҳосил мева берди. Бундан кейин ҳам дуогўйларимиз ва устозларимиз ишончини доимо оқлаш ҳаракатида юраман, - дейди Довудхон биз билан онлайн суҳбатда.
Дарвоқе, қаҳрамонимиздан «Ўнта хорижий ОТМдан қайси бирини танладингиз?» деб сўрадик. У Вестминстернинг Тошкентдаги филиалида олий таҳсилни давом эттиришини, ўқиш жорий йил сентябр ойининг охирида бошланишини, иккинчи ё учинчи босқичда Америкага амалиёт, иш ўрганиш учун жўнатилишини маълум қилди. Яна айтишича, юқори кўрсаткичларни қайд этиш осон бўлмаган. Тест ва ёзма топшириқларни бажариш учун авваллари чет элга бориларди. Энди эса дунёдаги пандемия туфайли қабул жараёнлари ҳам оптималлашган.
- Имтиҳонларга хонадонимиздан туриб, онлайн тарзда ахборот технологиялари воситаси орқали қатнашдим. Ижобий жиҳати, йўл ҳақи учун маблағимиз ва вақтимиз анча тежалди. Салбий тарафи ҳам кузатилдики, баъзилар қийналди. Яъни компьютерингизда техник носозлик рўй бериши, алоқа узилиши, кутилмаганда ташқи таъсирлар пайдо бўлиши мумкинлиги сезиларли хавотирга солди. Масофий бўлгани учун олисдаги назоратчилар озгина ортиқча ҳаракатингиз ва қанақадир шовқиндан шубҳаланса, сизни имтиҳондан четлатиши аниқ эди. Саволларга жавобларни дастлаб қоғозга ёзиб ишлаётганингиз тўғридан-тўғри видеода акс этиши керак. Сўнгра уни компьютер клавиатуралари орқали териб жўнатишингиз даркор. Ҳар гал ҳарфлар, математик ва тиниш белгиларини босиш учун вақт сарфлайсиз, асабийлашишингиз табиий. Аммо руҳиятни ҳам кескин тобларкан. Интернет орқали кечган мазкур синовлар боис айни турдаги вазиятларга доир тажриба-кўникмамни ошириб олдим. Хуллас, замон талабига мослашишимиз лозим.
Журналист Орифжон ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Тасодифий хабарлар
Олий суд депутат Кушербоевнинг танқидига муносабат билдирди
АОКА «Дарё» мухбири ва ИИБ ходими ўртасидаги воқеа юзасидан баёнот берди
“Жавоб умуман бошқача бўлиши мумкин”. Путин АҚШ ва НАТОни огоҳлантирди
НАМАНГАН ШАҲРИДА ЁШЛАР МУРОЖААТЛАРИ БЎЙИЧА ЯНГИ ИШ УСЛУБИ АМАЛИЁТГА ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА
Байрутдаги портлаш келтирган зарар ҳисобланди. Уч юз мингдан кўп одам уйсиз қолган