Ўзбекистонда журналистларга қарши “ов” бошландими?

Ўзбекистонда журналистларга қарши “ов” бошландими?

Шу кунларда Effect.uz интернет-нашрининг Сурхондарё вилоятидаги журналисти Фарход Исмоиловнинг яшаш хонадони ИИБ ходимлари томонидан тинтув қилинган. Тинтув ишлари вилоят прокурорининг 1-ўринбосари адлия катта маслаҳатчиси Б.Н.Қурбоновнинг 3 февралдаги “тинтув ўтказиш ҳақидаги” қарори билан амалга оширилган.

Бунга Фарҳод Исмаиловнинг Сурхондарёда “товламачилик йўли” билан деҳқон бозори раҳбаридан 5 млн сўмлик телефон талаб қилган блогер Отабек Сатторий билан шериклиги сабаб бўлиши мумкин.

Журналист Фарход Исмаилов мазкур ҳодиса ҳақида шундай дейди:

“2 февраль куни Сурхондарё вилояти ИИБ терговчиси мени излаётгани ҳақида эшитдим. Дастлаб, чақирув қоғози берилмаган, маҳкамага ким сифатида чақирилаётганим ҳам номаълум. Албатта, қонунга итоат этувчи фуқаро сифатида Ички ишлар идорасига кеч соат 19:00 дан кейин етиб бордим.

Айтганимдек, мени Ички ишлар идорасига боришим ҳақида расмий чақирув қоғози мавжуд эмас эди, уни расман кўрганим йўқ. Шундай бўлсада, Ички ишлар идорасига борганимда ким сифатида чақирганликларига тегишли бўлган саволимга ҳеч кимдан қониқарли жавоб ола билмадим.

Мен соат 19:40 дан бошлаб соат 23:15 гача, уч ярим соат давомида сўроққа тутилдим. 3 февраль куни, 16:00 чамасида яшаб турган хонадонимга бир гуруҳ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари келиб уйни тинтув қилишганлари эшитдим. Бу вақтда эса уйда бўлмаганман.

Зудлик билан уйга етиб борганимда, тинтув жараёни иштирокимсиз ўтказиб бўлинган эди. Тинтув ўтказиш учун келган гуруҳнинг вакилларига учрашдим. Улар менга ўзларини таништирмади, улардан Ички ишлар тизими вакиллари олиб борган тинтувни ўтказишга сабаб бўлган қарор ёки кимнингдир шикоят аризасини тақдим қилишларини сўрадим.

Мулоқот жараёнида тинтув гуруҳини бошқараётган маъсул шахс менга тинтув қонуний тарзда ўтказилаётганлигини, тинтув ўтказиш ҳақидаги баённомага қонуний имзо чекилганлигини, тинтув баённомасини бир нусхаси тақдим қилинганлигини айтди.

Қандай қилиб, яшаш хонадонимда ўтказилаётган тинтувдан бироз аввал хабар топган бўлсам, қандай қилиб, баённома билан танишиб, бир нусха олиб, имзо чеккан бўлишим мумкин?

Уларга тинтув ўтказиш баённомасидан бир нусха беришларини қайтадан талаб қилдим ва шундан сўнг тинтув баённомасининг нусхасини бериб, “Тинтув баённомасининг бир нусхасини олдим” деб чекилган имзони кўрсатдилар.

Дарҳол, тинтув баённомасининг нусхасига ким имзо қўйганини сўрадим. Аслида эса оиламдагиларга “Тинтув баённомасининг бир нусхасини олдим” деб имзо қўйдириб, аслида баённоманинг нусхаси берилмаган эди”, дейдиа Исмаилов.

Маълум бўлишича, тинтув гуруҳи вакиллари Сурхондарё вилояти ИИБ ТБ терговчисининг “буюртмаси”га асосан тинтув баённомасини журналистга беришдан бош тортган. Тинтувда қатнашган тергов гуруҳи вакили Сурхондарё вилоят ИИБ терговчисидан тинтув баённомасининг нусхасини олиб беришини айтган.

Бироқ Фарҳод Исмаилов уларга: “Уй менга тегишли бўлса, нега сиз Сурхондарё вилоят ИИБ терговчисидан изн сўрайсиз? Аслида тинтув ўтказилаётган хонадон эгасига “Тинтув ўтказиш ҳақидаги қарор”, “Тинтув ўтказиш баённомаси” ҳамда “Тинтув ўтказилганлиги ҳақидаги Баённома”дан бир нусхадан тақдим қилишга қонун бўйича мажбурсизку…”, дея юзланган.

Шунингдек, журналист яна бир саволига ҳам етарлича жавоб ололмаган: “Қолаверса, “Тинтув ўтказиш баённомаси” ҳамда “Тинтув ўтказилганлиги ҳақидаги Баённома” нусхаларини менга ҳамон тақдим қилганлари йўқ”, дейди Исмаилов.

Шу ўринда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда айрим масъулларни очиқчасига танқид қилиб келган блогер Отабек Сатторий махсус тадбир давомида ҳибсга олинди. Тергов департаменти версиясига кўра Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва у гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

ИИБ ходимлари энди Effect.uz журналисти хонадонида тинтув ўтказди? Нима Ўзбекистонда тўлиб-тошган муаммоларни кесмасдан, қўшмасдан, оммага кўрсатиб келаётган, заррача бўлса ҳам жамият ривожига фойдаси тегаётган блогер ва журналистларга қарши “ов” бошландими? Ўзбекистон журналистларини келажакда яна нималар кутаётган бўлиши мумкин?

×