Эрон Трамп тузоғига илинди. Уруш хавфи яқинми?

Эрон Трамп тузоғига илинди. Уруш хавфи яқинми?

Бир томонлама бузилган 159 бетдан иборат «Умумий қўшма тадбирлар режаси» (JCPOA) келишуви амалда сақланиб қолиши рўёга айланмоқда. Америка ҳукумат ушбу ҳужжатни имзолаган Франция, Буюк Британия ва Германияни ҳам келишувдан чиқишга даъват этмоқда. Шунга қарамай, АҚШ Европадаги энг ишончли ҳамкори — Буюк Британияни ҳам бу шартга кўндиролмаяпти.

15 июль куни Брюсселда йиғилган Европа Ташқи ишлар вазирлари JCPOA келишувидан чиқмаслик бўйича ирода кўрсатишди. Уларнинг фикрича, келишувдан ташқари Эрон уранни бойитиш ишларини 3,67 фоизга жадаллаштиргани ҳозиргача йўл қўйилган катта хато эмас.Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини Вашингтон ва Теҳронни келишув шартларига риоя қилишга чақирган.

Шунга мувофиқ, Франция Президенти Макроннинг ташқи сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Эмманюэль Бонне Теҳронда бўлиб, қалтис қарорлар қабул қилмасликни маслаҳат берган. Французлар етакчиси Белградда ҳам Вашингтон ва Теҳрон расмийлари билан музокара ўтказиб, мавжуд зиддиятни юмшатишини билдирганди. Бундан ташқари, у Россия Президенти билан мулоқот қилишни режалаштирмоқда.

АҚШ қопқони

Келишув бир томонлама бузилганидан сўнг, Эрон белгиланган шарт ва қоидани бузмасликка ҳаракат қилди. Содда қилиб баён қилганда, у муносиб жавоб қайтаришга шошилмади. У халқаро майдон ва кенг жамоатчилик кўз ўнгида жабрланувчи қиёфасига кирди. Шунга қарамай, расмий Теҳрон эгаллаб турган позиция ва рейтингидан бирдан воз кечиб, Ҳурмуз бўғозида British Heritage танкерини тўхтатишга уриниши билан атрофдагиларни ўйлантириб қўйди.

Провокация ва таҳдидларга жавоб қайтариш вақти келдими, ё Эрон ўзини тийиб туришдан чарчадими, бу ҳали номаълум. Аслида Ҳурмузда бўлган иш Гибралтар бўғозида Эроннинг Grace 1 танкери билан юз берган ҳолатга ўхшаб кетади. Ўшанда танкер 2,1 миллион баррел эроний нефтни ортиб Сурияга кетаётганди. Британия эса уни қўлга тушириб, Эрон ЕИнинг Сурияга нисбатан санкциялар қоидасига амал қилмаётганида айблаган.

Расмий Теҳрон юкларни эркин ҳаракатланиш учун қўйилишини талаб қилган, акс ҳолда жавоб ҳаракати бўлишини айтиб, таҳдид қилганди. Британиянинг ишига қароқчилик дея таъриф берилганди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Эрондаги ҳамкасби Жавад Зарифга қўнғироқ қилиб, танкер Сурияга етказилмаслиги кафолатланса, юклар ва жамоа қўйиб юборилишини айтган.

Зарифнинг айтишича, Лондон зудлик билан Эрон Ислом Республикасига қарашли нефть танкерини қўйиб юбориши керак. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий ахборотига кўра, Эрон ҳар қандай шароитда нефтни импорт қилишга интилади. Гибралтар Бош вазири Фабиан Пикардо танкерни қўлга олиш тўғрисидаги қарор маҳаллий парламент билан келишилган ҳолда, учинчи давлат аралашувисиз амалга оширилганини айтса-да, Эрон бу масалада АҚШнинг қўли борлигини тахмин қилади.

Бу қанчалик ҳақиқатга яқин, вазиятга аниқ баҳо бериш қийин. Бизга маълум факт шуки, Эрон нефть танкери Британия томонидан қўлга олингани ҳақида биринчи хабарни АҚШ нашрлари тарқатди. Вашингтоннинг ўзи жорий йилнинг май ва июнь ойларида Эрон денгиз ҳудудига яқин жойларда 6та танкерга ҳужум бўлганини билдириб, булардан Теҳроннинг қўли бор, дея айблаган. Аслини олганда танкерлар иштирокида жанжалнинг JCPOA'га алоқаси борми, бу масала жуда чигал.

Форс кўрфазидаги танглик

Гибралтардаги воқеадан сўнг, Британия Транспорт вазирлиги мамлакат байроғи билан ҳаракатланувчи сув кемаларини эҳтиёт бўлишга чақирган. Уларнинг хавфсизлиги учун Duncan эскадрали мина ташувчи (эсминец) ҳамроҳлиги ташкил этилмоқда. Нафақат инглиз, балки япон денгизчилари ҳам ҳушёр тортди: кунчиқар мамлакатга тегишли Atlantic Pioneer супертанкери Рас Танура бандаргоҳидан чиқишда, албатта, ҳарбий кемани шерик қилиб олди. Pacific Voyager эса Саудия Арабистони нефтини Британия ҳарбий сув кемаси қоровуллигида Ҳурмуздан олиб ўтди.

Огоҳлик — давр талаби. Бу сўз ўз исботини топди: Эрон танкерлардан бирини қўлга туширди. Британияга қарашли эмас, лекин ноқонуний миллион литр бензин ташиб кетаётганда айбланган Панама танкери Вашингтонга қаратилган жавоб бўлди. АҚШ ҳам қарздор бўлмай, дарҳол чора-тадбирларни қабул қилди. Трампнинг айтишича, АҚШ ҳарбий денгиз кучлари десантура кемасига жуда яқин учган Эрон дрони уриб туширилди. Жавад Зариф бу хабарни инкор этди. Унинг ўринбосари Аббос Ароқчи АҚШ адашиб ўз дронини уриб туширган бўлиши мумкинлигини киноя билан маълум қилди.

Эндиликда Вашингтон хурсандчилик билан Британияга қарашли танкернинг Эрон томонидан қўлга олингани қабул қилинмоқда. Иттифоқчилар кўрфазда танкерлар ҳаракатланиши соҳил қоровул қисмини ташкил этишдан ташқари, АҚШнинг Эронга қарши санкцияларини БМТ минбарида қўллаб-қувватлаши мумкин. Вашингтон шулардан умидвор.

«Европаликлар JCPOA'ни сақлаб қолишини айтмоқда, лекин биз амалий ҳаракатни кўрмаяпмиз. Истак борлигини айтиш билан уни бажариш ўртасида катта фарқ бор, ахир», — дейди Ташқи ишлар вазири Зариф БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашида нутқ сўзлаб.

Вашингтон учун келишувни ҳар қандай йўллар билан барбод этиш манфаатли, қолаверса, иттифоқчилар иштирокида Эронга қарши ҳарбий коалиция тузилса, айни кутилган иш бўларди. Уруш хавфи пайдо бўлса, Эрон ёлғизланиб қолиши тайин. 

Ҳозирча Европа бошқача фикрлайди

Фото: EPA
Эрон томонидан келишув шартларига риоя қилинмай, уранни бойитиш ишлари жадаллаштирилгани ҳозирча салбий қабул қилинмаяпти. Вашингтон эса Теҳронни келишувдан четга чиқиб, кўпроқ хатога йўл қўйишини кутмоқда.

АҚШ ўз олдига қўйган мақсадларига етишиб қолгандай кўринади. У минг бир хил усул билан бўлса-да, ўтган асрнинг 80-йилларида кузатилган танкерлар уруши кайфиятини Ҳурмуз бўғозига қайтарди.

×