Ўтган ойда Жаҳон банки коронавирус пандемияси оқибатида дунё мамлакатлари иқтисодиётида тобора мураккаб вазият юзага келаётгани ҳақидаги таҳлилларни эълон қилди. Унда айтилишича, бу йил дунё иқтисодиёти 5,2 фоиз қисқаради. Бу каби хавотирли рақамлар эса ҳар бир давлатдан камбағалликни қисқартириш учун сарфланаётган ресурсларни увол қилмасдан, аниқ мақсад, натижа берадиган йўналишлар учун сарфлашни талаб этади.
"Янги Ўзбекистон" газетасида эълон қилинган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятовнинг "Сарфланаётган ресурслар увол қилинмаса, натижага эришилади" сарлавҳали материалида айни шу хусусдаги мулоҳазаларни ўқийсиз. Материалда қайд этилишича, камбағалликни қисқартириш оддий вазифа эмас, унинг замирида жуда катта саъй-ҳаракат туради. Маҳаллий ҳокимият ва бошқа мутасадди идоралар барча имкониятларни ишга соляпти. Бу янги йўналиш бўлгани учун хато-камчиликларга ҳам йўл қўйиляпти.
Хусусан, жойларда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан уч томонлама шартномалар асосида субсидиялар ажратилмаётгани билан боғлиқ ҳолатлар кузатилди. Ташкилий ишлар етарли даражада олиб борилмагани натижасида иссиқхона қуриш, суғориш воситалари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш кечикиб кетаётганига гувоҳ бўлинди. Жумладан, бир неча вилоятда ўтказилган ўрганишларда айрим жойларда кооперация ташкил этиш, иссиқхона қуриш, паррандачиликни йўлга қўйиш жараёнлари ўлда-жўлда, шошқалоқлик билан амалга оширилаётгани кузатилди.
Натижада бу ишларга сарфланаётган катта маблағлар қумга тушган томчидай бесамар кетяпти, ҳаракат, меҳнат увол бўляпти...
"Инсон табиати қизиқ: баъзан масаланинг моҳиятини тузукроқ тушунмасдан ўзини ўтга-чўққа уради..."
"Халқ сўзи" газетасида чоп этилган Истам Иброҳимовнинг "Ваҳима эмас, вазминлик енгади" сарлавҳали материали шундай мулоҳаза билан бошланган. "Бу ҳақда тўхталишимизнинг боиси бор, – деб ёзади муаллиф. – Бир ҳафтача аввал Бухоро шаҳридаги дорихоналардан одамларнинг қадами узилмай қолди. Дори-дармон савдоси авжига чиқди. Танишларимиздан бири ҳатто "Аптекамни беркитаман, шекилли. Негаки, бунақада сотгани дори қолмайди", дейишгача борди...
Ҳа, баъзида таги пуч, кишини ваҳимага соладиган мишмишлар оқибати ана шундай нохуш ҳолатларга олиб келади. Ваҳоланки, ҳар қандай касалликни, жумладан, коронавирус балосини ҳам ваҳима эмас,вазминлик, тартиб-қоидага қатъий амал қилиш, беморларни даволашга профессионал ёндашув эвазига енгиш мумкин.
“Маърифат" газетасида Нишон туманидаги 10-мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Субоновнинг “Ким зўр: репетиторми ёки мактаб ўқитувчиси" номли мақоласи берилган. Муаллиф мактаб ўқитувчиси ва репетитор фаолиятини таққослаш орқали устун ва заиф томонларини кўрсатиб берган. Ҳақиқатан, репетиторга бормасдан олий ўқув юртига ўқишга кириш эҳтимоли жуда пасайиб кетган. “Касаллик сабабини оғриётган жойдан эмас, унинг манбаидан, асл сабабидан, илдизидан излаш керак!”, – деб ёзади у.
“Ёшларга берилаётган лабиринт ичидаги имкониятлар” сарлавҳали мақолада эса муаллиф Бекназар Қоражонов қуйидаги саволларни қўйиб, уларга жавоб излайди: Нима учун Президент қарори билан бепул ташкил этилиши белгиланган Ёшлар маркази бир йил ўтиб пуллик бўлиб кетди? Давлат бюджетидан миллиардлаб сўм сарфлаб қурилган Ёшлар марказлари турли амалдорлар учун “мажлисхона” бўлишдан қачон қутилади? Ёшлар маркази тўгарак раҳбарлари нега ишни ташлаб кетиб қолишмоқда?
“O‘zbekiston ovozi” газетасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири маслаҳатчиси Баҳодир Валиевнинг “Маслаҳатчи мусаҳҳиҳ эмас” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини янада ошириш, “Давлат тили ҳақида“ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш масалалари хусусида сўз боради. Президентимиз томонидан 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон қабул қилинган эди. Энг қувонарлиси, 21 октябрь Ўзбекистонда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилди ва барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил этилди. Шунинг натижаси ўлароқ, ҳозирги кунда республикамиздаги вазирлик, идора ва ташкилотларда раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилишни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолият юритмоқда...
"Овози тожик" газетасида Муҳаммаджон Шодиевнинг Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборовнинг 90 йиллигига бағишланган мақоласи эълон қилинган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда иккита аэропорт туман сабаб фаолиятини тўхтатди
ЖССТ парранда гриппининг одамларга юқиш хавфи юқорилигидан огоҳлантирди
Москва вилоятида ёнғин: 4 киши ҳалок бўлди. Улар ўзбекистонлик бўлиши мумкин
Алишер Усмонов Британиянинг 10 нафар энг бой одами рўйхатидан жой олди
ДХХ Тожикистондан қарийб 6 кг наркотик олиб кираётган шахсни ушлади