Наманган вилояти Косонсой туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари М.Исомиддинов туман ҳудудидаги анҳор бўйидаги ҳашар ишларига тумандаги мактаблар ходимларини жалб этишга кўрсатма бергани тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси ўтказган текширув хулосасида келтирилади.
«Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра Наманган вилояти, Косонсой туманида жойлашган 54та мактаб ўқитувчилари Косонсой тумани Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида олиб борилган қурилиш-ободонлаштириш ишларига жалб қилиниб, тегишли тартибда ишлаш учун ҳар бир мактаб ўқитувчиларига 10 метрдан ҳудуд бўлиб берилганлиги ҳамда мазкур ишларга мажбурий равишда жалб қилинганлиги ҳолатлари аниқланди.
Шунга мувофиқ, Наманган вилояти, Косонсой туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари М.Исомиддиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарори талабларига зид равишда мактаб ходимларини қурилиш ишларига жалб қилганлиги юзасидан маъмурий баённома тузилди ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 51-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди», дейилади Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси маълумотида.
Косонсойда ўқитувчилар бетон қуйишга олиб чиқилгани тўғрисидаги «Наманганда ўқитувчилар бетон қуйишди. Ҳар бир мактаб учун алоҳида жой ажратилган» сарлавҳали мақола Kun.uz сайтида 2 июль куни эълон қилинганди.
3 июль куни эса 2019 йил январидан буён туманга ҳокимлик қилиб келаётган Баҳодир Турсунович Юсупов (у 2009-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокими, 2018-2019 йилларда Қишлоқ хўжалиги вазири бўлган) ижтимоий тармоқ орқали чиқишида бу маълумотга раддия берган ва мақолани ишончли манбаларга асосланмаган деб баҳолаганди.
«Айтишим керакки, барча севиб ўқийдиган, энг ишончли маълумотлар бериладиган Kun.uz сайтида Косонсойдаги бирорта ижобий иш ёритилмаган.
Сайтдаги бу мақола ишончли манбаларга асосланмаган деб ўйлайман. Майли, журналистик этика нуқтаи назаридан биздан сўрашмасин, лекин ёритишда адолат билан ёндашиш керак.
Мен ўзим ўқитувчининг боласиман. Отам тил-адабиёт ўқитувчиси бўлган, онам фаррош бўлган. Ўқитувчининг боласи бўлиб ўқитувчининг ҳурматини жойига қўймасам, қайси нонга катта бўлганман, деган савол чиқади. Энди ўқитувчиларни олиб чиқибди, ундоқ қилибди, бундоқ қилибди, деган гаплар ноўрин гаплар...
Кўп ижтимоий тармоқларда «ўқитувчилар ишдан бўшатилди», «қайта тикланди» деган гаплар чиқди. Бошқа иши йўқми? Нега чиқиб меҳнат қилган бўлса, ўқитувчи ишдан кетади. Тушунарсиз, халқни чалғитувчи ва вақтини олувчи ишларга вақтни сарфлашнинг нима кераги бор?
Ундан кўра, миллий маданиятимизни ошириш масалаларини, юртбошимиз олдимизга қўяётган вазифалар қандай ижро қилинаётганини ёритиш керак.
Биз бу мақоладан хафа эмасмиз. Камчиликларимизни тўғрилаймиз. Шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик устида ишлаймиз.
Ўзимни оқламоқчимасман. Лекин ўқитувчилар иштирок этган эмас! Ие? Қолаверса, аёллар меҳнатига йўл қўйилмаган. Гендер тенглиги деган нарсалар бор. Биз ҳаммасини давлатимиз раҳбари қандай қилаётган бўлса, биз ўрнак оламиз, топшириқлар ижросини таъминлаймиз.
Ягона истагим шундаки, бесамар вақт олувчи, айниқса пашшадан фил ясайдиган шунақа ҳолатларга йўл қўймаслигимиз керак», деганди ҳоким.
Бундан аввалроқ Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати Косонсой туман марказида ташкил этилаётган «Яшил хиёбон» ҳудудида халқ таълими тизимида фаолият юритувчи техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати ўрганиб чиқилгач, Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилгани, вазирлик Бош прокуратурага мурожаат қилиб, шу мактабларнинг 80 нафар ходимига бетон қуйдирган мансабдорларга нисбатан чора кўришни сўрагани ҳақида хабар қилганди.
Эслатиб ўтамиз, фуқаролар меҳнат ҳуқуқлари бузилгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг +99871-200-06-00 рақамли ягона ишонч телефони ёки mehnathuquq_bot Telegram канали орқали ўз мурожаатларини юборишлари мумкин.
Тасодифий хабарлар
Тезкор: Илк бор Ўзбекистон фуқаросида “omicron” вируси аниқланди
Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мамлакатдан ташқарида ҳарбий ҳаракатларда қатнашмайди – Мудофаа вазирлиги
“Навбаҳор” ҳамда “Нефтчи” клубидан легионерларга тақиқ олиб ташланмади
Эртага Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кузатилади?
Қозоғистонда юз берган авиаҳалокат ҳақида сўнгги маълумотлар эълон қилинди