Намангандаги кафеда официант қизга шилқимлик қилган шахслар ва уларга қаршилик қилган фуқаролар жанжаллашди. Бир киши пичоқланди

Намангандаги кафеда официант қизга шилқимлик қилган шахслар ва уларга қаршилик қилган фуқаролар жанжаллашди. Бир киши пичоқланди

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида жойлашган кафеда ишловчи қизга шилқимлик қилган шахслар уларни бундан қайтарган фуқаролар билан жанжаллашиб кетди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Фото: Тергов департаменти

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 5 апрель куни соат 21:00 ларда 25 ёшли Ғ.И. 24 ёшли Қ.А. ва 22 ёшли Э.Ж. Мингбулоқ тумани «Кичик Жомашўй» маҳалласида жойлашган жамоат жойи ҳисобланган «Водий» умумий овқатланиш ошхонасида уларга хизмат кўрсатаётган 19 ёшли Й.Г. исмли қизга шилқимлик қилиб, унинг сочидан ушлаб тортган.

Фото: Тергов департаменти

Шунингдек, уларни тинчлантирмоқчи бўлган 31 ёшли Б.З.ни ҳеч бир сабабсиз уриб дўппослаган ва уларнинг безорилик ҳаракатларининг олдини олмоқчи бўлган 46 ёшли Н.А. ва 27 ёшли С.Б.га қаршилик кўрсатиб, уларни ҳам уриб, пичоқ билан С.Б.нинг сон қисмига жароҳат етказган.

Суд тиббий экспертиза хулосасида Б.З. ва Н.А. «енгил» ҳамда С.Б. «ўртача оғир» тан жароҳатлари олгани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мингбулоқ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ғ.И., Қ.А. ва Э.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а, г» бандлари (безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб, такроран содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

Фото: Тергов департаменти

Тергов ҳаракатлари жараёнида Ғ.И., Қ.А. ва Э.Ж. ушбу умумий овқатланиш ошхонасида официант бўлиб ишловчи Й.Г.ни улар билан биргаликда бир столда ўтириб, овқатланишга мажбурлаб, турли уятли хатти-ҳаракатлар содир этганликлари сабабли ушбу жиноят келиб чиққанлиги аниқланган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

×