Келажакда содир бўладиган воқеаларни билишга интилиш баъзи инсонларга тинчлик бермайди. Бу кўпинча уларнинг ожизликлари ёки эътиқодининг сустлигидан дарак беради. Шундай инсонлар кўпинча мунажжимлар башоратига ишониш, фолбинларга бориш ва уларнинг гапларига ишонишга мойил бўладилар.
Бугунги кунда коронавирус уларнинг барчасидаги ёлғончилик, кўзбўямачилик ва каззобликни очиб ташлади. Мунажжимлар, фолбин ва ромчиларнинг асл башарасини намоён қилди. Дунёдаги энг машҳур ва “ишончли” мунажжим ва фолбинларнинг YouTube даги 2020 йилга турли буржлар учун ҳам, умумий башоратларини ҳам кўриб чиқдик. Табиийки, улардан бирортаси ҳам 2020 йилнинг 5 ойида юз берган на коронавирус пандемиясини, на иқтисодий-молиявий инқирозни, на нефть нархларининг қулашини, на фонд бозорларидаги шўнғишни башорат қилган.
Барчасида фақат сафсата ва воқеликдан мутлақо йироқ нарсалар тўғрисида гап борган.
Шу сабабли, ушбу мурожаат нафақат сизга, балки мунажжим, фолбин ва ромчиларнинг тўрига илинган ва уларга ҳамон ишонадиган инсонларгадир: ушбу пандемия ҳақ ва ботилни очиқ ажратувчи, каззобларнинг ёлғонларини фош қилувчи бир соат бўлди. Билингки, келажак ва ғайбни билишга интилиш иймондан айиради, ташвиш, ҳавотир, изтироб ва умидсизликнигина зиёда қилади.
Ақлдан озган одамдек турли ёлғонларга ишонманг, инсоний обрў ва шаънингизни сақланг. Билингки, ҳалокатга учраётган самолётдаги инсонларнинг буржлари турлича бўлади, лекин ҳаммаси бирга вафот топиши мумкин.
Аллоҳ таоло ғайбни фақат Ўзи билиши ҳақида бир неча оятларда марҳамат қилган:
«Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми – барчаси очиқ китобда бордир» («Анъом» сураси, 59-оят).
Ушбу ояти каримадан Аллоҳ таолонинг илми чексизлиги ва бу илм ўзига хос ягона васфга эга илм экани билиб олинади. Бу илмнинг бош сифатларидан бири:
«Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас».
«Ғайб»–инсондан ғойиб ҳодисалар, инсон сезги аъзолари билан ҳис эта олмайдиган, билиш имконлари билан идрок қила олмайдиган ҳодисалар. Инсон ўзининг нечоғлик билимдонлиги билан ғурурланмасин, унинг билганидан билмагани кўп бўлиб қолаверади. Ўша ғойиб нарсаларни билишда инсоннинг бирдан-бир воситаси бор, у ҳам бўлса, илоҳий ваҳийдир. Қолган барчаси тахмин ва гумонлардан бошқа ҳеч нарса эмас.
Айтинг: «Ҳақиқат келди ва ботил йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро сураси, 81-оят).
Манба: azon.uz
Тасодифий хабарлар
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази ходимида коронавируc аниқланган
Президентнинг янги фармони эълон қилинди
Ўзбекистонда ОТМ ректорлари ваколати кенгайтирилди
Фарғонада ИИБ ходимлари ўқитувчини калтаклаб, қийноққа солгани бўйича текширув бошланди
Ўзбекистонда янги ҳафта ёмғирли бўлиши кутилмоқда