Депутат Ғаниев 2022 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси кечикканини маълум қилди

Депутат Ғаниев 2022 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси кечикканини маълум қилди

Бюджет кодексининг 97-моддасига асосан, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетнома Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис палаталарига, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай киритилиши белгиланган. Лекин жорий йилнинг 9 ноябрь ҳолатига, яъни белгиланган муддатдан 25 кун ўтган бўлсада, бюджет лойиҳаси ва бюджетнома Қонунчилик палатасига киритилгани йўқ. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ёзмоқда.

Депутатнинг таъкидлашича, Бюджет кодексига ўтган йили киритилган ўзгартиришларга асосан, келгуси йил учун янгиланган ўрта муддатли давр фискал стратегияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 июнига қадар тасдиқланиши ва тасдиқланган фискал стратегия маълумот учун Олий Мажлис палаталарига тақдим этилиши ҳамда жамоатчилик учун Молия вазирлиги веб-сайтида эълон қилиниши белгиланган. 

Аммо бу ҳам Белгиланган муддатдан деярли 5 ой ўтган бўлсада, ўрта муддатли фискал стратегия на Олий Мажлис палаталарига киритилган, на Молия вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган.

“Ўзи умуман 2022 йил учун янгиланган фискал стратегия Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилганми ёки йўқ, бу ҳам номаълум.

Тўғри, бу йил мамлакат президентлигига сайлов ўтказилгани ва ғолиб номзод томонидан сайловолди дастурда илгари сурилган масала ва режалар янги бюджет лойиҳасида ўз аксини топиши нуқтаи назаридан 2022 йил учун бюджет лойиҳасини ишлаб чиқиш кечикиши табиий ҳол. 

Лекин шунга қарамай, бюджет лойиҳасини Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилиши учун ҳам етарлича вақт берилиши керак. Гарчи амалда депутатлар бюджет лойиҳаси параметрларига жиддий ўзгартириш ёки қўшимча киритолмасаларда, лекин бюджет муҳокамаси учун бюдкет кодексида белгилангандек, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасига ҳам камида бир ой муддат қолдирилиши керак”, дейди Ғаниев.

У бюджетномани киритишда кечикилган вақт уни Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиладиган муддатни қисқартириш ҳисобига қопланмаслигига умид билдирдан.

×