Шомуродовнинг трансфер шартлари очиқланди

Шомуродовнинг трансфер шартлари очиқланди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2023/2024 йилги мавсумни Италия А Серияси дебютанти “Кальяри“ сафида ижарада ўтказади. Бу ҳақда инсайдер Жанлука Ди Марцио хабар берди. 

Маълум қилинишича, ўзбекистонлик 29 ёшли ҳужумчи кеча, 24 июль куни “Кальяри“ клубида тиббий кўрикдан ўтган. Сардиния ороли жамоаси “бўрилар“ билан Шомуродов трансфери бўйича келишувга эришган.

Унга кўра, “Кальяри“ Рим клубига Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўлайди ва 2024 йилнинг ёзида уни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Мазкур шартнома “1+3“ кўринишида имзоланади. Фаолиятини ижара асосида давом эттираётган ўзбекистонликнинг ярим маошини “Кальяри“ тўласа, қолган 50 фоизини “Рома“ тўлаб боради.

Дастлабки маълумотларга қараганда, Шомуродовнинг Рим клубидаги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этган. У 2021 йилда Италиянинг бошқа бир жамоаси “Женоа“дан 17 миллион евро эвазига “Рома“га трансфер қилинган эди. 

Маълумот учун, “Кальяри“ клуби италиялик таниқли мутахассис Клаудио Раньери жамоага келгунига қадар B Серияда 14-ўринда бораётган эди. 71 ёшли мураббий Сардиния ороли жамоасини ярим йил ичида пешқадамлар қаторига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди.


Теглар:
×