Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати томонидан «босар-тусарини билмай қолган депутат» дея эълон қилинган видеолавҳа қаҳрамони терговга тортиладиган бўлди барибир. Шу билан бир неча кундан бери жамоатчилик эътиборида турган можаро бироз танаффус оладиганга ўхшайди.
Маълумингизким, халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. гўёки профилактика инспекторининг телефонини синдириб, бошқа ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олганига оид ҳолат бўйича прокуратура Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатганди.
Бироқ шаҳар прокурорининг тақдимномаси (депутатни жиноий ишга жалб қилиш ва унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида) маҳаллий кенгаш қарорлари билан аввал қисман қаноатлантириб, кейин батамом рад этилиши ортидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари «дам еб» қолганди.
Шундан сўнг Наманган вилоят прокурори томонидан айни масалада халқ депутатлари вилоят кенгашига тақдимнома киритилгани ҳақида ўқувчиларни воқиф этгандик.
Кеча бўлиб ўтган ўтган халқ депутатлари вилоят кенгаши мажлисида Наманган вилояти прокурорининг тақдимномаси муҳокама қилиниб, депутат Т.М.нинг жиноят ишига жалб этилишига розилик билдирилди. Тақдимноманинг «қамоққа олиш» эҳтиёт чорасини қўллаш қисми эса рад этилди.
Бу ҳақда «Xabar.uz»га маълум қилган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов алоҳида қайд этдики, тергов жараёнида Ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари ҳам ўрганилиб, тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча «босар-тусарини билмаган», дея тилга тушиб улгурган депутатнинг ўзи ижтимоий тармоқ орқали воқелик юзасидан узр сўраб чиққанди.
Manba: Xabar.uz
Тасодифий хабарлар
«Президентликка Алишер Қодир…» — Алишер Қодиров сайлов кампаниясини бошлади
10 ойда қарийб 2 минг одам йўлларда вафот этган. ЙТҲларнинг асосий сабаблари нима?
Расман! Бугундан вилоятлараро автотранспорт ҳаракати бутунлай тўхтатилди
Шарманда! Сирдарёда ЙПХ ходими ҳайдовчининг ичган-ичмаганини стаканда текширмоқчи бўлди
Россияда 19 ёшли ўзбекистонлик талаба ўғирлаб кетилди