Сўнгги кунларда кенг жамоатчилик томонидан мамлакатимизда жорий этилган карантин ҳолатида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларнинг транспорт воситаларини ушлаб турилиши, карантин ҳолати расман бекор қилингунига қадар жарима майдонларида сақланиши қонунийлиги юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар давом этяпти. Хўш, мазкур муносабатлар қонун билан тартибга солинганми, транспорт воситаларини ушлаб туриш қандай асослар мавжуд бўлганида ва қайси ваколатли орган томонидан қўлланилади, ушлаб туришнинг муддатлари ва ҳуқуқий оқибатлари қандай деган асосли савол юзага келиб чиқади?
Ўзбекистон Республикасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинади. Мазкур кодекс қандай қилмиш маъмурий ҳуқуқбузарлик эканлигини ва унинг қандай жазога сазоворлигини, шунингдек, жавобгарликка тортишнинг асослари, мезонлари ва ўзига хос тарафларини белгилаб беради.
Кодекснинг 1-моддасига кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва Вазирлар Кенгашининг қарорлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларидан иборатдир. Бу нима дегани? Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тартибга солиш юқоридаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади. Бу ерда биринчи навбатда устунлик кодекснинг ўзига берилган. Кодекс билан яхлит тартибга солинмаган ёки ҳуқуқбузарлиги тўғридан-тўғри кўрсатилмаган қилмиш моддада назарда тутилган бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солиниши мумкин. Лекин бу ерда ўзига хос жиҳат мавжуд бўлиб, бу ушбу қўшимча тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг энг аввало Конститутция ва Кодексга зид келмаслиги. Мисол учун, кодекснинг 49-моддаси меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарликни белгилайди. Лекин, бу ерда меҳнат қонунчилигини айнан қандай тарзда бузилиши учун жавобгарлик қўлланиши кўрсатилмаган. Мана шу ерда бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги қонунчиликка мурожаат қилиниб, меҳнат қонунчилиги тартиби бузилган ёки бузилмаганига баҳо берилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик ўзи нима? Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.
Кодексга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Ушбу жазолар қонунчиликда белгиланган қатъий жазолар ҳисобланади ва буларни бошқача тарзда ёки кўринишда татбиқ этиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси юқоридагилардан бошқа маъмурий жазо чоралари (қонунда назарда тутилган тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасидан ташқари) мавжуд эмас.
Маъмурий жазо маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Яъни, жазо бир вақтнинг ўзида ўзига хос профилактика тадбири ҳам ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-613-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси янги таҳрирда баён қилинди.
Модданинг биринчи қисмига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиб, ушбу қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солиш жазосини қўлланиши назарда тутилди.
Модданинг иккинчи қисмига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик учун жавобгарлик белгиланиб, бу қилмиш учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солиш мумкин бўлади. Мазкур модданинг ҳар икки қисмида ҳам бошқача тарздаги жазо назарда тутилмаган. Транпсорт воситаларини белгиланган ҳудудларда стикерсиз бошқарилиши мумкин эмаслиги карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидалар сирасига киради. Бу махсус комиссия томонидан белгилаб берилган. Мана шу ҳолатни махсус комиссиянинг қарорида белгиланиши юқорида тушунтириш берилган Кодекснинг 1-моддаси доирасида қабул қилинган. Яъни, кодексда тўғридан-тўғри стикерсиз автомашина бошқарганлик учун жавобгарлик кўрсатилмаган бўлиб, бу ҳолат махсус комиссия қарори билан тартибга солинган.
Кодекснинг 242-моддасида, “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни:
1) туман (шаҳар) маъмурий судлари, иқтисодий судлар, фуқаролик ишлари бўйича судлар;
3) вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари;
4) ички ишлар органлари (мансабдор шахслари), давлат инспекцияси органлари (мансабдор шахслари) ва ушбу Кодекс билан ваколат берилган бошқа органлар (мансабдор шахслар) кўриб чиқадилар” деб белгилаб қўйилган. Бу ваколатли органлар таснифи кодексда алоҳида, биттама-батта ажратиб берилган бўлиб, бошқа органлар деган тушунчани кенг англаш лозим бўлади. Шу органлар ичида Давлат санитария назорати органлари ҳам мавжудлигига эътиборингизни қаратишингиз лозим бўлади.
ЎРҚ-613-сонли Қонун билан МЖтКнинг 257-моддасига ўзгартириш киритилиб, МЖтКнинг 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганида Давлат санитария назорати органлари томонидан кўриб чиқилиши ва жазо қўлланиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Яъни, агарда ҳар қандай шахс МЖтКнинг 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этса Давлат санитария назорати органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чораси қўллашга қуйидагилар ҳақлидирлар:
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария инспектори ва унинг ўринбосари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати бошқарма бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари;
давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармалари туман (шаҳар) филиалларининг мудирлари.
Юқоридаги қонунга киритилган ўзгаришдан шуни тушуниш мумкинки, дейлик шахс транспорт воситасини махсус стикерсиз белгиланган маъмурий ҳудудда бошқариб кетаётгани ҳолати аниқланса, унга нисбатан бироз аввал санаб ўтилган уч тоифадаги мансабдор шахслар томонидан маъмурий иш юритилиши ёки жазо қўлланиши масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Масаланинг ўзига хос тарафи нимада? Мазкур ҳуқуқбузарлик учун қонунда бошқа жазо ёки таъсир чораси назарда тутилмаган. Худди шунингдек, юқорида кўрсатиб ўтилган мансабдор шасхлардан бошқа ҳеч ким бу ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштира олмайди ёки жазо тайинлай олмайди (маъмурий судлар алоҳида ҳолатларда кўриб чиқиши мумкин). Ҳақли савол туғилади, Давлат санитария назорати органлари кўчада ҳаракатланиб кетаётган транспорт воситаларини тўхтата олмайди, унда масала қандай ҳал қилинади? Мана шу ерда қонунга кўра, йўлларда транспорт воситалари ҳаракатланишини тартибга солиш мажбурияти юклатилган Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари Давлат санитария назорати органлари ходимлари билан ҳамкорликда ишлаши ва транспорт воситаларини тўхтатиб бериш масаласини ҳал қилишда иштирок этиб бериши лозим бўлади.
Шунингдек, ушбу масалани ечими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги №149-сонли қарори билан тасдиқланган Низом билан ҳам тартибга солинган. Низомнинг 2-бандида “Давлат органининг транспорт воситаларини ушлаш ҳуқуқига эга бўлган, ушланган транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли ходими бу ҳақда тегишли давлат органининг навбатчилик қисмига хабар беради.
Давлат органининг хабарни қабул қилган навбатчилик қисми ходими ушбу хабарни қайд этади ва ички ишлар органининг ҳудудий бўлинмаси навбатчилик қисмига ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармасининг Марказий диспетчерлик хизматига маълум қилади” деб белгиланган. Транспорт воситасини ушлаб туришга ваколати бор бўлган орган ёки унинг мансабдор шахси қонунда белгиланган тартибда, агарда қонунда тўғридан-тўғри кўрсатган ва ушлаб туриш ваколати бўлганида бу ҳолатни қонуний расмийлаштиради ва ижро учун ички ишлар органига хабар беради.
Бундан ташқари, Кодекс билан транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби белгилаб берилган бўлиб, МЖтКнинг 291-моддаси мазмунига кўра, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунга қадар амалга оширилиши мумкинлиги баён қилинган.
Хусусан, мазкур моддада, транспорт воситаларини ушлаб туришга ички ишлар органлари, ҳарбий автомобиль инспекциясининг мансабдор шахслари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг мансабдор шахслари, ҳарбийлаштирилган соқчиликнинг мансабдор шахслари ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг мансабдор шахсларига ваколат берилган ҳамда уларга айнан қайси моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун ушлаб туриш мумкинлиги ҳам кўрсатиб берилган. Мазкур давлат органлари ёки мансабдор шахслар орасида Давлат санитария назорати органлари ёхуд уларнинг мансабдор шасхлар кўрсатилмаган. Худди шунингдек, МЖтКнинг 54-моддаси ҳам қайд этилмаган.
МЖтКнинг 291-моддасига кўра, транспорт воситаларини ушлаб туриш муддати ўзига хос тарзда баён қилинган. Яъни, ваколат берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан транспорт воситаси ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунга қадар ушлаб туриш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Бу ерда ушлаб туриш сабаби бартараф этиш деганда нима назарда тутилган? Дейлик, ҳайдовчи транспорт воситасини ёнида тегишли ҳужжатларни олиб юрмаган ҳолда бошқарса, уни автомашинаси жарима майдонига вақтинча сақлаш учун олиб кирилади. Шахс томонидан зарур ҳужжатлар ички ишлар органига тақдим қилинган ва тайинланган жарима тўлиқ тўлангандан сўнг автомашинани олиб чиқилишига рухсат берилади. Бу билан шахс амалда ушлаб туриш сабабини бартараф этади ва уни автомашинасини ушлаб туриш зарурати қолмайди.
Шунингдек, транспорт воситалари маъмурий иш кўриб якунига етгунига қадар ушлаб турилиши мумкин. Албатта бу таъсир чораси ишни якуни бўйича транспорт воситасини келгусидаги тақдирини белгилаш зарурати бўлганда қўлланилади. Бу тартиб кўпроқ судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишлар билан боғлиқ ҳолларда қўлланади.
Албатта, таҳлил қилинган масалаларни тўғри ҳал қилишда Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 декабрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни талабларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Қонуннинг 7-моддасида, “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олинади” деб белгиланган.
Қонунинг 8-моддасида эса “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.
Кодекслар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан тасдиқланади” деб кўрсатилган. Мазкур Қонун мазмунидан келиб чиқиб, кодекслар Қонун билан тасдиқланиши ва Конститутция билан бир қаторда бошқа барча норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан устунликка эга эканлигини кўриш мумкин.
Юқорида таҳлили қилиб ўтилган масалалардан хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Зеро, қонунийликни ҳамда қонун устиворлигини таъминлаш орқалигина ҳақиқий демократик жамият барпо этишимиз мумкин.
Аброрхон АКРАМОВ,
Фарғона вилояти
Тошлоқ туман маъмурий судининг раиси
Тасодифий хабарлар
Тошкентда Lacetti 6 пиёдани уриб юборди, 2 киши вафот этди
Фарғонадан Волгоградга мунтазам қатновлар йўлга қўйилди
Фарғоналик аёл тадбиркорнинг “видеолари“ни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, 60 минг доллар талаб қилди
«Telegram»да онлайн молиявий пирамида ташкил қилганлар аниқланди
Туркий кенгаш давлатлари Ташқи ишлар вазирлари бир даврада