Наманган ва Тошкентда беморларнинг навбатдаги гуруҳи соғайди. Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 344 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманган вилоятида коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган беморларнинг 20 нафари, Тошкент шаҳрида эса 31 нафари соғайгани тўғрисида маълумот берди.

Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бугун коронавирус инфекциясига чалинган яна 20 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси Наманган шаҳридан бўлиб, 19 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган, бир нафари Туркиядан келган. Беморларнинг 7 нафари эркак, 13 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларнинг хасталикни тўлиқ енгиб ўтганлигини кўрсатди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 23 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 43 нафарга етди».

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 21 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Шифо топганларнинг 8 нафари Россиядан Тошкентга келишгач, «Сокол» оромгоҳига карантинга олинган, 1 нафари Франциядан, яна 1 нафари эса БААнинг Дубай шаҳридан келган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Қолган 11 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни ютириб олган. 

Беморлардан 11 нафари эркак, 10 нафари аёл. Улардан 13 нафари пойтахтимиздан, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан 2 нафардан, Навоий, Хоразм ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда. Сўнгги текширувлар ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатди. 

Ушбу клиникада шу пайтга қадар 29 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 50 нафарга етди.

Шунингдек, бугун Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 3 нафари Москва – Тошкент, 1 нафари Истамбул – Тошкент йўналишида чартер рейсда келишган ва карантинга олинган. Қолган 6 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 5 нафари эркак, 5 нафари аёллардир. Улардан 9 нафари Тошкентдан, 1 нафари Хоразм вилоятидан. Улар орасида энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида шу пайтга қадар 32 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 42  нафарга етди.

«Аҳамиятли томони, нафақат коронавирус инфекциясига чалинганлар, балки бутун аҳолининг умид кўзлари шифокорларда. Шундай жиддий масъулиятни зиммасига олган тиббиёт ходимлари эса жасорат ва шиддат билан қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашишга киришиб, самарали натижаларга эришмоқдалар. Ҳозирча бугунги кун давомида  мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 344 нафарни ташкил этмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Бугуннинг ўзида Ўзбекистон бўйлаб 83 нафар бемор коронавирус инфекциясидан буткул соғайди ва тузалганларнинг умумий сони 344 нафаргa етди.

Бундан олдинроқ 14 апрель куни Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган беморлардан бири, 73 ёшли эркак юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани хабар қилинганди.

×