Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади.
Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллионга етади.
Мамлакатда ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга экспортни ошириш учун ҳам катта имкониятлар бор. Сўнгги уч йилда соҳада манфаатдорликни ошириш, оддий қилиб айтганда, деҳқон ва фермерни бой қилиш учун барча масалалар ҳал қилиб берилди. Энди мутасадди раҳбарлару миришкорлар ҳам ҳосил ва даромадни кўпайтириш учун янгича ишлаши зарур.
Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади. Пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Шу боис мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилмоқда.
Йиғилишда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туман, 86 та кластер ва 125 та кооператив бу борада етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди. Боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Боғдорчилик ҳамда Узумчилик агентликлари сабзавот, полиз ва бошқа турдаги экинлар экилишини ташкил этиш учун масъул этиб белгиланди.
Ички ишлар вазирлигига карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ автотранспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
Маҳсулот ҳажмини ошириш учун жорий йилда 124 минг гектар оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштириш лозим.
Бугунги кунда Бахмал туманида 3 минг гектар, Қўшработ туманида 5 минг гектар, Бешариқ туманида 2 минг гектар оборотдан чиққан ерда қудуқлар қазилиб, боғ ва токзорлар барпо қилиш бошланган. Бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш, сув чиқариб, лалми ерларни ўзлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Бу мақсадлар учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги жамғармаларига 300 миллиард сўм ажратилади. Ташкил этилган боғ ва токзорлар, иссиқхоналар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилади.
Яна бир йўналиш – ўзлаштирилган ернинг ижара ҳуқуқи муайян озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5-10 йилга сотилади. Бундан тушган маблағ янги ерларни ўзлаштиришга сарфланади.
Йиғилишда уруғлик ва минерал ўғитлар таъминоти муаммоси ҳам таҳлил қилинди.
Бугунги кунда экин уруғларининг 25-30 фоизи хориждан олиб келинади, қолган қисми эса деҳқонлар томонидан турлича тайёрланади.
Хитойда экспортбоп дуккакли экинлардан 30-40 центнер ҳосил олинса, Ўзбекистонда 20 центнердан ошмайди, айрим ҳудудларда эса 7-8 центнерни ташкил қилади, холос.
Пандемия шароитида уруғликлар таъминотида узилишлар бўлмаслиги кераклиги айтиб ўтилди.
Ҳар йили Ўзбекистонга 300 минг тоннага яқин картошка, шунингдек, 10-15 минг тонна уруғлик картошка чет элдан олиб келинади. Шу боис Қўрғонтепа, Бахмал, Зомин, Шаҳрисабз, Китоб, Янгиқўрғон, Булунғур, Бўстонлиқ туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилиши белгиланди.
Тизимдаги яна бир муаммо – мева-сабзавот етиштириш учун 255 минг тонна фосфорли, 290 минг тонна азотли ўғит етишмайди. Шунингдек, ўғитларнинг биржа савдолари орқали сотилиши ҳам деҳқонларга қатор қийинчиликларни туғдирмоқда.
Шу боис “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятига мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда ўғит дўконлари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
“Экинларни экишга оз муддат қолди. Бу ишларни ўн кун ичида якунламасак, кейин кеч бўлади. Маблағ бўлмаса, экин ҳам бўлмайди”, дейди давлат раҳбари.
Шундан келиб чиқиб, мева-сабзавот етиштириш ва сотиб олишга алоҳида молиялаштириш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.
Серқуёш Ўзбекистонда апрель ойининг иккинчи ярмида кўкат, помидор, бодринг, май ойида эса гилос ва ўрик тайёр бўлади. Экспортнинг 60-70 фоизи ушбу маҳсулотларга тўғри келади.
Мутасаддиларга мева-сабзавотлар экспорти бўйича туманлар ва хўжаликлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилиб, пандемия шароитида юзага келадиган масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.
Мамлакатда чорвачиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманини шу тармоққа ихтисослаштириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилинди. Умуман, тармоқда олдинги йилларда бўлмаган рағбатлантириш механизми йўлга қўйилди. Наслли моллар учун 2 миллион сўмгача, наслли қўй ва эчкига 400 минг сўмдан субсидия ажратиш механизми жорий этилди. Жойларда замонавий чорва комплекслари ишга туширилмоқда.
Президент энди маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга импорт қилинаётган товарлар ўрнини қоплаш зарурлигини таъкидлади.
Озуқа ишлаб чиқарадиган корхоналар, қорамол боқиш бўйича оилавий кооперацияларни кўпайтириш бўйича вазифалар қўйилди. Ҳар бир вилоятда наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган хўжаликлар ташкил этилиши белгиланди.
Паррандачиликда ҳам озуқа таъминотини мустаҳкамлаш ва аҳоли билан кооперацияни ривожлантириш керак.
Йиғилишда қайд этилганидек, кооперация асосида хонадонларда парранда боқиш тажрибаси кенг жорий этилади. Бунда паррандачилик корхонаси хонадонга уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради. Қирқ кундан кейин кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади.
Маълумки, балиқчилик учун ҳам барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилган. Ўтган йили юртимизда 200 минг тонна балиқ етиштирилган.
Бугунги кунда 38 минг гектар сунъий сув ҳавзаларининг атиги 0,6 фоизида интенсив балиқчилик ташкил этилган. Қолаверса, уларда ҳосилдорлик даражаси пастлигича қолмоқда.
Йиғилишда бу йил балиқ етиштиришни камида 350 минг тоннага етказиш, сунъий ҳавзалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, балиқчилик хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари ташкил қилиш бўйича қатор топшириқлар берилди.
Асалчилик тармоғига эътибор қаратилар экан, бу йил ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга кўпайтириш, ўрмон хўжаликларидаги имкониятларни тўла ишга солиш муҳимлиги таъкидланди. Аҳолига асалари уялари тарқатиб, улардан маҳсулот сотиб оладиган асаларичилик кластерлари ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланди.
Қишлоқ аҳолисини уй шароитида иш билан таъминлайдиган резервлардан бири – ипакчилик соҳаси. Жорий йилда 382 минг қути ипак қурти боқилишини инобатга олсак, бу камида 750 минг одамни иш билан банд қилиш дегани.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Меҳнат вазирлигига бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш, яхши ҳосил олган хонадонларга қўшимча маблағлар ажратиш топширилди.
“Ушбу чора-тадбирлар натижасида минглаб фуқароларимизни иш билан таъминлаш, даромадларини кўпайтиришга эришамиз. Бозорларимизда маҳсулот кўп бўлади. Ҳар бир вазир, сектор раҳбари буни юрагидан ўтказиб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда менинг ўрним қандай бўлади, деган саволга виждонан жавоб бериши керак”, дейди Президент.
Видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ахборот берди. Ҳудудларга бириктирилган мутасаддилар ва ҳокимларнинг пандемия даврида амалга ошираётган ишлари танқидий кўриб чиқилди.
Qalampir.uz
Тасодифий хабарлар
Сирдарёда фуқароларни муттасил қийнаб келган ИИБ ходимларига суд ҳукми ўқилди
Коронавирус куз-қиш мавсумида ўта хавфли формага айланиши мумкин
Бугун барча ходимлар ишдан бир соат аввал кетиши керак
Наманганда қарздор фуқаро МИБ ходимини пичоқлади
Алишер Усмонов карантинни Тошкентда ўтказади