Наманган вилоят маъмурий суди, туманлараро маъмурий суди судьялари Наманган вилоят Адлия бошқармаси биносида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, Адлия бошқармаси ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирокида “Маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли” мавзусида ўқув семинар ўтказилди.
Унда, Наманган вилоят маъмурий суди раиси З.Қурбонова Маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги, ўз навбатида, мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши Асосий қонунимизда белгиланган ушбу ҳуқуқлар самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳам хизмат қилаётганлигини, Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланишини такидлаб ўтди.
Тадбирда мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсадларга эришиш олдимизда турган энг долзарб вазифа эканлиги, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш асосий масалалардан бири эканлиги боис ҳамда Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг 29 январь куни “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинганлигига, мазкур қарор мамлакатимизда маъмурий юстиция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигига эътибор қаратилганли алоҳида таъкидланди.
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси У.Нишонова ҳамда туманлараро маъмурий судининг раиси О.Зиявитдинов ва судья Н.Тожиевалар мазкур қарор билан маъмурий судлар фаолиятида ислохотларга тўхталиб ўтишди.
Суд амалиёти таҳлил қилинганда маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатди. Жумладан, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича суд ҳужжатлари ижро қилиш учун давлат органларига оддий хат орқали юборилади. Ушбу ҳужжатлар бўйича мажбурий ижро варақалари берилмайди.
Шу сабабли фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди. Бунинг натижасида кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Тадбирда Президентимиз қарорида давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланганлиги, унга кўра, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш назарда тутилди. Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса, далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишига шароит яратилиши тушунтириб ўтилди.
Семинар сўнгида маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга ҳамда маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилиши айтилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини юзага келаётган муаммолар бўйича берган саволларига мутахассислардан жавоблар олишди.
Умида Нишонова,Наманган вилоят маъмурий суди судьяси
Тасодифий хабарлар
Қалбаки валютафурушлар фош қилинди
ДХХ Наманганда МИБ мансабдорини жиноят устида қўлга олди
Автомобил учун «нотариус тўловлари» камайтирилмоқда
Ню-Йоркда минглаб одамлар Фаластин учун намойишга чиқди
«Қиёмат музлиги» кутилганидан тезроқ хавф сола бошлади