Наманганда Халқ банки ходими коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлар асоссиз бўлиб чиқди.

Наманганда Халқ банки ходими коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлар асоссиз бўлиб чиқди.

Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига чалинган Халқ банки Наманган вилоят филиали ходими жойларда пенсия пулларини тарқатгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Вилоят филиали директори Баҳром Йўлдошев бу хабарлар асоссиз эканлигини маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.

Йўлдошевга кўра, Халқ банкининг Наманган шаҳар ва туманлар бўлимларида ишловчи барча ходимлари коронавирус инфекциясига тестдан ўтказилган. Тест синовлари уларнинг барчаси соғлом эканлигини кўрсатган.

2020 йил 11 апрель куни Наманган шаҳар Халқ банкида ишловчи ходим коронавирус инфекцияси бўйича топширган таҳлил натижаларига кўра, унда мазкур вирус аломатлари бор дея гумон қилинган, бироқ Тошкендаги таҳлиллар давомида бу гумон тасдиқланмаганди. У 1 апрелдан 11 апрелга қадар Наманган шаҳрининг 6 та маҳалласида истиқомат қилувчи нафақа олувчиларга пул тарқатган.

Ушбу ҳудудларда инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳар ИИО ФМБ ходимларидан иборат 6 та гуруҳ тузилиб, нафақа олган фуқароларнинг хонадонларини карантин назоратига олиш, уларга тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича амалий иш ташкил этилди.

Наманган вилоят ИИБ матбуот хизматининг билдиришича, ушбу тадбирга жалб этилган Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходими бириктирилган штабида ўзини гуруҳ аъзолари билан бирга видеотасвирга олиб, аҳоли орасида ваҳима чиқарувчи ҳамда банк ходимини обрўсизлантирувчи ва асоссиз маълумотларни гапириб, 39 сонияли видеотасвирни Telegram ижтимоий тармоғи орқали танишига юборган.

Аниқланган ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Ўз хавфсизлиги бўлими томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, ушбу ходим «Ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби тўғрисида»ги низом талабларининг 144-банди «и», «к» кичик бандларига мувофиқ, хизмат интизомини қўпол равишда бузганлиги ҳамда ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун ИИО хизматидан бўшатилди.

×