Аҳмад Масъуд Имомали Раҳмондан ёрдам сўради

Аҳмад Масъуд Имомали Раҳмондан ёрдам сўради

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Афғонистонда инклюзив ҳукумат шаклланишига ёрдам бериши керак. Бу ҳақда Афғонистон Миллий қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуд Афғонистоннинг Ҳирот вилояти собиқ губернатори Исмоил Хон билан учрашувда маълум қилган. 

Ушбу учрашув жорий йилнинг 6 ноябрь куни Эроннинг Машҳад шаҳрида бўлиб ўтган. 

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 76 миллион 700 минг долларни ташкил қилган. 

Тожикистон Марказий Осиёда Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” ҳаракатига нисбатан муросасиз позицияни эгаллаган ягона давлатдир. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон “Толибон”ни Афғонистондаги тожиклар ҳуқуқларини менсимасликда танқид қилиб, бу мамлакатда фақат инклюзив ҳукумат тузилишини қўллаб-қувватлашини айтган. 

Маълумот ўрнида, Афғонистонда тожиклар, ҳазоралар ва ўзбеклар бўлган инклюзив ҳукуматни шакллантириш масаласи Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон томонидан жорий йил 17 сентябрь куни Душанбеда Покистон Бош вазири Имрон Хон билан учрашувда муҳокама қилинган. 

Айнан ўшанда Тожикистон Президенти қаршилик ва “Толибон” вакиллари ўртасида Душанбеда музокаралар ташкил этишда ёрдам беришини айтган, бироқ ҳозирча бу ташаббус ишлаб чиқилмаган. 

Бундан ташқари, 23 сентябрь куни Тожикистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида сўзлаган нутқида Афғонистонда сайловлар ўтказиш ва барча этник гуруҳлар вакиллари, жумладан, афғон тожиклари иштирокида кенг қамровли ҳукумат тузишга чақирган. 

Унинг фикрича, Афғонистоннинг барча аҳолиси манфаатларини ҳисобга олмасдан бирон-бир ҳукуматнинг тузилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

×