Наманганда 6 нафар бемор коронавирусни кимдан қандай қилиб юқтирганини билмайди

Наманганда 6 нафар бемор коронавирусни кимдан қандай қилиб юқтирганини билмайди

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг мурожаатида қайд этилишича, охирги уч кун ичида мазкур инфекцияни юқтирган, манбаси аниқ бўлмаган олтита ҳолат аниқланди. Ушбу фуқаролар бу касалликни қачон ва кимдан юқтириб олганини билишмайди. Айрим фуқаролар уйларида иситмалаб, буни оддий шамоллаш деб ўйлаб, ўзларини уй шароитида даволашга уринмоқда. 

Охирги уч-тўрт кун ичида тўртта ҳолат аниқланган, уларнинг учтаси Наманган шаҳрида, биттаси Учқўрғон туманида юз берган. Улар бир неча кунлаб, ўн кунлаб уйларида иситмалаб ётишлари, ўз вақтида шифокорларга мурожаат этмаганликлари бугун ушбу касалликнинг юқиш хавфини ошириб юбормоқда. Мазкур 4 нафар фуқаронинг икки нафари оғир аҳволда, эрталаб сунъий нафас олдирадиган аппаратларга уланган. 

Вилоят ҳокимининг қайд этишича, агар улар ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилганларида, ўз вақтида аниқ диагноз қўйиларди, яқин қариндошларига юқтирилмас эди. Бугун уларнинг ҳар бири орқасидан 200 тадан мингтагача одамни карантинга олишга ҳожат бўлмас эди. 

“Коронавирус юқтирганлар орамизда юрибди, улар кимлар, сони қанча, афсуски, биз билмаймиз”, деди вилоят ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 апрель соат 06:00 дан бошлаб Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани, шу жумладан, “Қайқи” қишлоғи ҳудудида барча турдаги шахсий ва хизмат автотранспорт воситалари, мототранспорт (скутер), велосипед ҳамда фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади. 

×