Ўзбекистонда ёғ, гўшт ва картошка импортига берилган солиқ имтиёзи муддати узайтирилади

Ўзбекистонда ёғ, гўшт ва картошка импортига берилган солиқ имтиёзи муддати узайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қўшилган қиймат солиғи бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 30 апрелида Шавкат Мирзиёев Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Ҳужжатда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши назарда тутилган.

Натижада Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма 2021 йил 1 майдан 31 декабргача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.Узнать большеРекламани ёпиш

2021 йилнинг декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ушбу имтиёзлар муддати яна 4 ойга узайтирилиши мумкинлигини маълум қилганди.  23 декабрь куни парламентга ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасида айнан шу таклиф инобатга олинган.

«Ўйлайманки, ҳукумат томонидан кўрилаётган ушбу фискал чоралар бозорларимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини нафақат барқарор сақлашга, балки уларни пасайтиришга ҳамда аҳолини ушбу маҳсулотларга бўлган талабини тўлақонли қондиришга хизмат қилади», — деган эди депутат.

Демак, ушбу қонун лойиҳасига асосан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:

  • Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
  • гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, ушбу қонунни қабул қилиш давлат бюджетининг 800 миллиард сўм атрофида даромадлари йўқолишига олиб келади. Йўқотилган суммани солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, шунингдек, алоҳида имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳисобига қоплаш кўзда тутилмоқда.

Бундан аввал Ўзбекистонда ўсимлик ёғи, гўшт, ун ва совун 2022 йил 31 декабрга қадар божхона божидан озод этилганди.

×