Наманган вилоятида қайд этилган сўнгги коронавирусга чалиниш ҳолатлари билан боғлиқ баёнот берилди

Наманган вилоятида қайд этилган сўнгги коронавирусга чалиниш ҳолатлари билан боғлиқ баёнот берилди

Наманган вилоятида коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 15 тага етгани ҳақида маълумот берилган эди. Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Давлатали Қосимов кеча ва бугун қайд этилган сўнгги уч ҳолат бўйича маълумот берди:

"12 мартда Туркия орқали умра зиёратига бориб келгандан сўнг уй карантинида назоратда бўлган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган аёл коронавирус инфекциясига чалинганликда гумон қилиниб, 24 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига карантин кузатувига ётқизилиб, 26 март куни унда коронавирус инфекцияси аниқланганди. Бу фуқаро билан мулоқотда бўлган ва карантин кузатувига олинган 10 нафар фуқарода, жумладан 9 нафар қариндошида ҳамда сурункали касалликлар билан оғриган ва коронавирусга чалиниш натижасида вафот этган онасига қараган патронаж ҳамширасида инфекция аниқлангани аввал расмий маълум қилинганди.

Кеча аниқланган 13-ҳолатда патронаж ҳамширасининг 1995 йилда туғилган қизида ҳам коронавирус таҳлили натижаси мусбат қайд этилди. Бугун эса умрага борган аёлнинг вафот этган онаси билан мулоқотда бўлган 1964 йилда туғилган аёла ҳамда унинг 1948 йилда туғилган турмуш ўртоғида ҳам коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати мавжудлиги аниқланди. Ушбу фуқароларнинг барчаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантин назоратида сақланиб келаётганди.

Ҳозирги кунда ушбу фуқаролар билан оилавий ва яқин мулоқотда бўлганларнинг барчаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ва иккиламчи мулоқотда бўлганларнинг барчаси махсус жиҳозланган изоляторларга жойлаштирилди. Ҳозирда уларнинг соғлиги малакали мутахассислар томонидан назорат қилиб борилмоқда."

×