Ўзбекистон июнда дунёда энг йирик олтин харидори бўлди

Ўзбекистон июнда дунёда энг йирик олтин харидори бўлди

Жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Марказий банки дунёдаги энг йирик олтин харидори бўлди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) ҳисоботида келтирилган.

Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа очиқ манбалар маълумотларига кўра, ёзнинг биринчи ойида дунё марказий банклари жами 22 тонна олтин захирасини тўлдирган. Йил бошидан буён марказий банклар томонидан қимматбаҳо металл захиралари жами 123 тоннага ошган.

Жаҳон олтин кенгаши маълумотига кўра, жорий йилнинг июнь ойида асосий харидор Ўзбекистон Марказий банки бўлиб, бир ой ичида 9 тонна олтин харид қилган. Қайд этиш жоиз, регулятор бунга қадар тўрт ой кетма-кет олтин сотган.

Иккинчи ўринда Қозоғистон Миллий банки. У 7 тонна олтин харид қилган. Шунингдек, Хитой Халқ банки, Туркия Марказий банки ва Чехия Миллий банкининг ҳар бири 2 тоннадан олтин сотиб олган.

Шунингдек, 1 тоннадан олтин Гана, Қатар, Қирғизистон ва Филиппин марказий банклари томонидан харид қилинган. Июнь ойида ягона йирик сотувчи Сингапур Пул-кредит бошқармаси бўлиб, у 6 тонна олтин сотган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон 2025 йилнинг биринчи ярмида жами 18 тонна олтин сотиб, ҳали ҳам энг йирик олтин сотувчиси бўлиб қолмоқда. Иккинчи ўринда – 16 тонна билан Сингапур, учинчи ўринда эса анча ортда қолган Россия Марказий банки жойлашган.

Йил бошидан бери энг кўп олтин харид қилган давлат эса Польша бўлиб, у 6 ойда 67 тонна олтин сотиб олган. Иккинчи ўринда 35 тонна билан Озарбайжон Давлат нефть жамғармаси, учинчи ўринда эса Қозоғистон (22 тонна) қайд этилган.


×