Ана холос! Янги бош вазир шов-шувли жиноятга алоқадор?!

Ана холос! Янги бош вазир шов-шувли жиноятга алоқадор?!

Россиянинг янги бош вазири Михаил Мишустин Сергей Магнитскийнинг ўлими билан якунланган мудҳиш жиноятга алоқадор бўлиши мумкин. Бу ҳақда Hermitage Capital Management сармоя ширкати бош директори Уильям Браудер Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Консалтинг ширкатида фаолият юритган Сергей Магнитский (1972-2009) Россия юқори мартабали мансабдорлари томонидан ғазна пули талон-торож қилинганини фош этган.

Ушбу айблов ортидан, 2008 йилда унинг ўзи солиқдан бўйин товлашга доир жиноий иш доирасида қамоққа олинган. С.Магнитский тергов жараёнида  «Матросская тишина» қамоқхонасида вафот этган. Магнитскийнинг шубҳали ўлими халқаро майдонда кучли акс садо берган. Бир қатор Ғарб мамлакатлари, жумладан, АҚШ «Магнитский қонуни»ни қабул қилган. Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор россиялик амалдорларга жазо жорий этишни кўзда тутади.  Россия раҳбарияти эса мазкур айбловларни рад этади ва Сергей Магнитскийнинг ўзи коррупцияга алоқадор бўлганини айтиб келади.

2013 йили бир неча йилга чўзилган «Магнитский иши» бўйича суд йиғини бўлиб ўтади. Маҳкамада ўша пайтда Федерал солиқ хизмати раҳбари лавозимида фаолият юритган Михаил Мишустин берган ишончнома асосида икки масъул ходим қатнашади. 

Hermitage Capital Management сармоя ширкати бош директори Уильям Браудер иддаосига кўра, М.Мишустин солиқ идораси раҳбари сифатида Сергей Магнитскийга нисбатан тўқима айбловни дастаклашда қатнашган.

«Россия ҳукумати ўз сиёсий мухолифларини таъқиб этиш учун айнан солиқдан бўйин товлаш каби тўқима айбловлардан фойдаланади. Солиқ идораси раҳбари сифатида у (Мишустин – таҳр.) тўқима айбловларни тасдиқлаши лозим эди» дейди  У.Браудер.

Дарвоқе, ўша шов-шувли жиноий иш доирасида У.Браудернинг ўзи ҳам солиқдан бўйин товлашда айбланиб, сиртдан 9 йил озодликдан маҳрум этилган. Маҳкама марҳум Магнитскийни оқлашдан бош тортган.

Hermitage Capital Management сармоя ширкати раҳбарининг айблови юзасидан ҳозирча на Россия ҳукумати, на Федерал солиқ хизмати муносабат билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 январь куни президент Владимир Путин томонидан илгари сурилган давлатчилик ислоҳотлари ҳақидаги таклифлар ортидан Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев истеъфо берди. Президент Путин бош вазирлик лавозимини 2010 йилдан буён Федерал солиқ хизматига раҳбарлик қилиб келаётган 53 ёшли Михаил Мишустинга таклиф этди. Мишустин давлат раҳбари таклифини мамнуният ила қабул қилди. 16 январь куни Давлат думаси янги бош вазир номзодини бир овоздан маъқуллади.

×