Қалбаки валютафурушлар фош қилинди

Қалбаки валютафурушлар фош қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Наманган вилояти бошқармасига қалбаки валюта сотиш билан шуғулланаётган шахслар тўғрисида келиб тушган маълумот асосида Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган махсус тадбир ўз натижасини берди.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишларида бундай жиноий хатти-ҳаракатлар бошида Наманган шаҳрида яшовчи Саидакбар ва Ёсин исмли фуқаролар тургани маълум бўлди. Шундан сўнг Янгиқўрғон тумани Ўрикзор кўчасида ҳаракатланаётган давлат рақами 30 Z 824 FA бўлган Султонбой Ғаипбоев бошқариб бораётган “Ласетти” автомашинасини тўхтатиб, ундаги йўловчилар (шу туманда истиқомат қилувчи Наманган шаҳри, 4-кичик туманда истиқомат қилувчи Саидакбар Қосимов ҳамда Наманган шаҳри Тинчлик маҳалласида яшовчи Ёсинхон Усмонов) назорат тартибида текширилганда уларнинг ёнидан дастрўмолга ўралган 20 та 100 АҚШ доллари купюрасидан иборат жами 2000 доллар пул чиқди. Махсус текширувлар эса ашёвий далил сифатида олинган купюраларнинг қалбаки эканлигини кўрсатди. Ҳуқуқбузарлар пулни Чортоқ туманида яшовчи Сардор исмли шахсдан 900 долларга сотиб олгани ва кейинчалик қайта сотиш ниятида эканлигига иқрор бўлишди.

Тезкор гуруҳ томонидан Чортоқ туманининг Мустақиллик кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган, давлат рақами 40 A 744 NA бўлган “Ласетти” русумли автомашинада ҳам текширув ўтказилди. Машинани бошқариб бораётган, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи 1993 йилда туғилган М.Нўъмонов ёнидан 1 минг 700 доллар борлигини айтиб, дафтар орасидаги 17 дона 100 долларлик купюрани ўз ихтиёри билан кўрсатади. Не ажабки, бу пуллар ҳам қалбаки бўлиб чиқди. Суриштирувда М.Нўъмонов Сардор исмли шахс билан олдиндан тил бириктиргани ва валютани қайта сотиш ниятида бўлганлигини тан олди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Сардор аввал ҳам Жиноят кодексининг 176-моддасига мувофиқ айбдор деб топилиб жиноий жавобгарликка тортилган. Тошкент шаҳри Бектемир тумани суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Қилмишидан хулоса чиқармаган Сардор яна қайта жиноятга қўл урди. Тергов жараёнида аниқланишича, бу ҳуқуқбузарликнинг яна бир иштирокчиси бор экан. У Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида яшовчи “Нурбек” исмли шахс бўлиб, мамлакатимиз ҳудудига ўтказган қалбаки купюраларни сотиш тўғрисида ўзаро жиноий режа тузган.

Суриштирув вақтида маълум бўлганидек, Сардор Эргашев ва Муҳаммадтемур Нўъмонов олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, қалбаки чет эл валютасини сотишни режалаштиргани учун энди қонун олдида жавоб беради.

×