Фарғонада такси ҳайдовчиси ўзини осмоқчи бўлди. Вилоят ИИБ ҳодиса бўйича расмий маълумот берди

Фарғонада такси ҳайдовчиси ўзини осмоқчи бўлди. Вилоят ИИБ ҳодиса бўйича расмий маълумот берди



Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида аҳолини огоҳлантирмай автомобилда ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома бекор қлиниб, машиналарни жарима майдонига олиб кириш бошлангани ҳақида хабар тарқалди. Кутилмаганда бундай тақиқ ўрнатилиши даромадидан айрилган бир ҳайдовчи ўзини ўлдиришга уринганда, уни қутқариб қолишгани ҳам маълум қилинди.

Фарғона вилояти ИИБ мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ўтказиб, қуйидагиларни маълум қилди.

Кеча, 22 июль куни соат 16:10 да Фарғона шаҳри ва Тошлоқ туманлари чегарасида ташкил этилган карантин постида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Ш.А. Тошлоқ туманидан Фарғонага қараб, ҳаракатланиб келаётган тошлоқлик фуқаро Ю.Н. бошқарувидаги Lacetti русумли автомашинани тўхтатган ва ҳайдовчидан автомобилнинг карантин вақтида ҳаракатланиши учун берилган рухсатномани талаб қилган. Ҳайдовчи эса, хеч қандай рухсатнома тақдим қила олмаган.

Натижада автомашина вақтинчалик жарима майдонига олиб келиниб, Фарғона шаҳар Санитария эпидимиология осойишталик маркази ходимлари томонидан фуқаро Ю.Н.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Фуқаро Ю.Н. қоидабузарлиги учун қонунчиликда белгиланган жарима суммасини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида жарима майдонидаги дарахтга ўзини осмоқчи бўлган.

Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқаро Ю.Н.нинг хатти-ҳаракатлари тўхтатиб қолинган.

Маълумот ўрнида, туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари томонидан автотранспорт воситаларини ҳаракатланиши учун жорий этилган барча турдаги рухсатномалар, рўйхатлар, маълумотномалар ва стикерлар (Давлат хизматлари агентлиги томонидан берилган стикерлар бундан мустасно) 2020 йил 22 июль кунидан бекор килингани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 2020 йил 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида автотранспорт воситаларинннг ҳаракатини чекланган.

Махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.



×