Қўқондаги меҳмонхонада 13 яшар қиз зўрланди

Қўқондаги меҳмонхонада 13 яшар қиз зўрланди

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада 13 яшар вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28-сентябрь куни Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи 2012 йилда туғилган вояга етмаган қиз Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада жинсий зўравонликка учраган.

Мазкур ҳолат юзасидан 29-сентябрь куни Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида гумонланувчи ушланиб, 30 сентябрь куни унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши доирасида тегишли экспертизалар тайинланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Билдирилишича, вояга етмаган жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг руҳий ҳолатини тиклаш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида унга психологик ва юридик хизматлар бириктирилган. Мазкур ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходимлари назоратига олинган.


Теглар:
×