Сўнгги 5 йилда IT-мутахассиснинг ўртача маоши 15 баравар ошди

Сўнгги 5 йилда IT-мутахассиснинг ўртача маоши 15 баравар ошди

«Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (IT-Парк) директори Фарҳод Ибрагимов IT соҳасидаги мутахассислар сони, уларнинг маоши, экспорт ҳажми ва резидентлар ҳақида маълумот берди.

IT Parkда резидентлик йўналиши бўйича 2021 йил якунлари сарҳисоб қилинди. Қувонарли факт шундаки, резидентлар 2017 йилда 147 тани ташкил қилган бўлса, 2021 йилга келиб уларнинг сони 523 тага етди. Корхоналарнинг 82 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган. Вилоятларда эса, афсуски, атиги 92 та компания мавжуд.

2019 йилда биз IT-таълим йўналишини ҳам IT Park резиденти мақомини олиш учун рухсат этилган фаолият турлари қаторига қўшдик. Ушбу қарор бизга 2021 йилда таълим йўналишида 70 та резидентга эга бўлиш имконини берди.

Бугунги кунда Резидент компанияларда 9850 нафар мутахассислар ҳамда 7400 нафар дастурчилар фаолият юритмоқда, ҳолбуки, уларнинг сони 2017 йилда 2523 нафар эди.

Бундан ташқари, 2017 йилда Ўзбекистонда IT-мутахассиснинг ўртача маоши 700 минг сўмни (64,5 доллар) ташкил этган бўлса, бугунги кунда ўртача иш ҳақини 10 миллион сўм (921 доллар) деб ҳисоблаш мумкин.

Резидентлар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 2,542 триллион сўм ёки 234,2 миллион долларга, экспорт ҳажми 46 миллион долларга етди.

Бироқ биз бу билан тўхтамоқчи эмасмиз. 2022 йилда экспорт ҳажмини 80 миллион долларга, 2025 йилда эса 500 миллион долларга етказишни режалаштирганмиз.

Агар сизда IT-компаниянгиз бўлса ва Ўзбекистонда IT-саноати ривожига ҳисса қўшишни, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларига эга бўлишни истасангиз, унда IT Park’га хуш келибсиз!

×