7 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги «Қўшёғоч олтин файзли балиқлари» МЧЖ раҳбари Жавоҳир Зокиржоновга нисбатан очилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Туман суди раиси Жаҳонгир Саидов бошчилигида ўтказилган суд жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам гувоҳ сифатида иштирок этди.
Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.
«Қамоқда ушлаб туришларига ҳеч қандай асос йўқ»
Суд жараёни бошланишидан аввал судланувчи Жавоҳир Зокиржоновнинг онаси Нодира Қўзиева ОАВ вакилларига интервью берди. Унинг таъкидлашича, Қўзиева беш нафар ўғли билан 2014 йили тадбиркорликка қўл уради. Дастлаб ўзи яшайдиган «Қўшёғоч» маҳалласида озиқ-овқат дўконини қуриб, ишга туширади. Шундан сўнг тижорат банкларидан кредит олиб, фаолиятини кенгайтиришга киришади. Йиллар давомида аҳоли эҳтиёжи ва талабидан келиб чиқиб, ўқув маркази, маҳалла гузари, овқатланиш шохобчасини бунёд этади. Аста-секин иши ривожлангач, «Қўшёғоч» МФЙ ва маҳалла инспектори учун алоҳида хизмат хонаси ҳамда хотира майдонини барпо қилади.
«Мен ҳамиша Президентимизнинг биз тадбиркорларга қилган мурожаатини қўллаб-қувватлаганман, лаббай, дея амалдаги ишларим билан жавоб беришга интилганман. Балиқчилик тармоғи тараққиётига қаратилган эътибор туфайли мазкур соҳада ҳам иш бошлашга қарор қилдик. 2017 йилнинг декабрь ойида бешинчи фарзандим Жавоҳир номига «Қўшёғоч олтин файзли балиқлари» МЧЖни ташкил этдик. Ўша пайтда туман ҳокимлиги томонидан бизга ер ажратишда бюрократик тўсиқлар бўлгани учун депутат Расул Кушербаевдан сайловчи сифатида ёрдам сўраганман. Расул бизнинг маҳалла одами, унга ҳар қанақа масалани ечишда кўмаклашишини сўрашга ҳақлимиз. У ҳар доим «Келишмовчилик, тушунмовчиликлар бўлса, айтаверинглар, мен тайёрман», дейди. Унинг аралашуви билан ўғлимнинг тадбиркорлиги учун ер берилди.
Ўтган йили банкдан 30 миллион сўм кредит олиб, балиқчиликни энди бошлаш арафасида турганимизда ҳокимлик, департамент ва прокуратура ходимлари келиб, қишлоқ типидаги тўйхона қуришга мўлжалланган ер майдоним ва бошқа қурилиш ишларини тўхтатишимни айтишди. Мен оғзаки эмас, ёзма тарзда мурожаат қилишларини билдирдим. Улар ўғилларимнинг болалигидан фойдаланиб, тош, шағал сотишда айблашди ва бўйнига катта миқдорда қарз илишди. Текширувни ҳам бизга билинтирмай ўтказишди. Аслида тош-у шағални экология, ҳокимият одамлари сотиб юборишган. Фарзандимга эса туҳмат уюштиришди. Шу йилнинг 4 февраль куни ўғлимга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, икки кундан сўнг қамоққа олишди. Ҳаммаси бирданига, кутилмаганда амалга оширилди. Бир йилдирки, адолат излаб прокуратура, ҳокимлик вакиллари билан курашиб келяпман.
Терговчи Жамолшер Рустамов билан гаплашганимда у ‘Мени қарғаманг, хола, онам сиздан ёш. Мен тепадан келган буйруқни бажаряпман холос’, деган. Уч ой Бош прокуратура эшиги олдида куним ўтди. Жавоҳирни етти ойдан буён қамоқда ушлаб туришларига ҳеч қандай асос йўқ. Буни ҳар сафар суд жараёнида айтяпман. Аммо инобатга олишмаяпти.
Биз кеча ёки бугун иш бошлаган, панадаги оилавий тадбиркор эмасмиз. Фарзандларимнинг барчаси ўғил, бошқа мамлакатларга чиқиб кетмасин, турли тизимларга қўшилмасин, дея уларнинг фаолиятини бошқариб келаман. Доим бешала ўғлим билан бир ёқадан бош чиқариб, иш юритардик. Менинг давлатдан катта миқдорда кредит қарзим бор. Уларни қандай тўлайман? Ҳозир ичимда нима кечаётганини фақат ўзим биламан», — деди Нодира Қўзиева.
21 ёшли тадбиркор қандай жиноятда айбланмоқда?
Тергов органи айблов хулосасига кўра, Зокиржонов «Қўшёғоч олтин файзли балиқлари» МЧЖ раҳбари ва мансабдор шахс сифатида мазкур жамият ташкил қилинган кундан то қамоққа олингунга қадар (2020 йил 6 февраль) туғишган акаси Бекзод Қўзиев билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, ўз мансаб-мавқейини суиистеъмол қилади.
Улар ҳукумат ва Президент томонидан қабул қилинган бир қанча ҳужжатлардаги тақиқ ҳамда талабларни зид равишда бузади. Янгийўл тумани ҳокими қарори билан «Қўшёғоч олтин файзли балиқлари» МЧЖга балиқ боқиш учун сунъий ҳовуз қурилишини лойиҳалаштириш мақсадида ажратилган 11,8 гектар ер майдонининг 4,0 қисмидан 2019 йилнинг июнь—сентябрь ойларида 57 минг 218 метр куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмаларини иш ҳақи ва бошқа мақсадларда ҳисоб-китоб қилиш учун ҳудуддан олиб чиқиб кетилишига йўл қўяди. Шу боис улар ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг 600 миллион 789 минг 105 сўмлик мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланмоқда.
Айбланувчининг ҳимоячиси «Симай ком» адвокатлик фирмаси адвокати Умидбек Давлатов «Дарё» мухбирига маълум қилишича, Зокиржонов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3 қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, қамоқда сақланмоқда. Адвокат ушбу жиноят иши доирасида бир қанча процессуал тартиблар бузилгани, судланувчининг айбдорлигини исботлаш учун етарли далил мавжуд эмаслигини эътироф этиб, оқлов ҳимоя позициясида эканини билдирди.
«Орамизда улуш, пул бериш ҳолатлари йўқ»
Суд залида адвокат Умид Давлатов ўз ҳимояси остидаги айбланувчи Жавоҳир Зокиржоновга бир қанча саволлар билан юзланди.
21 ёшли тадбиркор эса «Жамолшер исмли прокурор дастлабки тергов жараёнида мени сўроқ қилганида «‘Танкаънг ким, бунча ишни бир ўзинг қилолмайсан. Агар аканг ёки ўзинг ‘танкаънг Кушербаевга қарши кўрсатма берсанг, сени ‘ўйинъдан чиқариб юборамиз. Бўлмаса, ёшсан, бекордан бекор қамалиб кетасан. Давлат мулкини талон-торож қилиш унинг (Расул Кушербаев) иши, сенинг номингга жой берилган, барча ишни у қилган. Шундай кўринишда ёзиб берсанг, бўлди», деди. Аммо мен унинг гапларини рад этдим.
Тадбиркорлик фаолиятимга Расул аканинг сира алоқаси йўқ, аммо ёрдами бор. Фаолиятимизга тўсиқлар бўлганида ундан ёрдам сўраганмиз ва у ваколатидан келиб чиқиб ёрдам берган. Лекин орамизда улуш, пул бериш ҳолатлари йўқ», дея жавоб берди.
«Ҳар бир сайловчим учун туриб беришга тайёрман»
Шундан сўнг Расул Кушербаев адвокат Давлатовнинг «Ҳурматли гувоҳ, ҳозир судланувчининг фикрларини эшитдингиз. Дастлабки тергов даврида аслида ҳужжат бўйича директор ёки фаолият юритувчи шахс булар (Ж.Зокиржонов) бўлгани билан норасмий раҳбар сифатида сизга кўрсатма бериш бўйича ҳаракатлар бўлган экан. Бу ҳолатга сиз нима дейсиз? Ҳақиқатан, ‘Қўшёғоч олтин файзли балиқлари’ МЧЖга сизнинг алоқангиз борми?», деган саволига қуйидагича жавоб берди:
«Менга бутун республикадан кўплаб тадбиркорлар турли масалаларда мурожаат қилишади. Булар (Ж.Зокиржонов оиласи – таҳр.) мен яшайдиган маҳаллада яшашади, акаларининг ҳам маҳаллага кўп фойдаси теггани учун тадбиркор сифатида танийман. Ким нима масалада ёрдам сўраб келган бўлса, мен ёрдам берганман. Агар кимгадир қандайдир даражада ишининг битишига ёрдам беришимни кимдир нотўғри тушуниб, буни шахсий, ўз улуши бор, деб гапирган бўлса, бу ўша одамларнинг фикри бузуқлигидандир.
Бу боланинг акалари балиқчилик хўжалигини олиш вақтида ҳужжатлари битмаётгани боис мурожаат қилган. Ўша вақтда мен ҳокимиятга чиқиб, ҳамма ҳужжатлари бўлса, нега имзо қўйиб бермаяпсизлар, деган масалани қўйиб, ечимини қилиб берганман. Шундан кейин ҳар қандай ҳуқуқий маслаҳат керак бўлса, маслаҳат бериб, қўллаб-қувватлаб келганман. Лекин қўллаб-қувватлаш, дегани у меники, дегани эмас. Агар ундай бўладиган бўлса, бутун республика бўйлаб қанча одамга ёрдам берган бўлсам, ҳаммасининг жойи меники бўлиб чиқиши керак. Бу умуман нотўғри қараш ва нотўғри иш. Бу ҳақда эшитганимда жуда қаттиқ асабийлашдим.
Мен депутатлик ваколатимдан келиб чиқиб ёрдам берганман. Агар булар ноқонуний иш қилган бўлса, жараён давомида тўлиқ, қонуний равишда кўриб чиқилиши керак. Қонунлар ишласин. Булар менинг сайлов округимдаги сайловчиларим. Ҳар бир сайловчим учун шундай туриб беришим мумкин. Агар ҳар бири учун судга келиб, жавоб бериш керак бўлса, мен тайёрман.
Буларнинг жиноят иши очилиши билан параллел равишда ўзим ёрдам берган бошқа тадбиркорлардан ҳам менга мурожаат бўлган. Уларда ҳам ҳар хил йўллар орқали худди шундай ҳолат кузатилган экан. Афсуски, улар ҳам менинг фаолиятим билан боғлиқ бўлиб чиққан. Бундан ташқари, отамиздан қолган ер билан ҳам боғлиқ муаммолар келиб чиқди. Буларнинг ҳаммаси, негадир бир вақтда содир бўлди», деди Кушербаев.
Депутат судьядан нимани илтимос қилди?
Гувоҳ Расул Кушербаев ўз адвокати Амурилло Аҳмедовнинг ҳам қатор саволларига жавоб қайтарди.
«Тергов жараёнида қатнашишим учун терговчи томонидан чақирув қоғози келмаган. Зокиржонов иши бўйича жанжал кўтарилган вақтда бу масала бўйича бош прокурор Ниғматилла Тўлқиновичнинг қабулига кирганман. Уларга ҳам ‘делўларни тақдим қилганман. Давлат улуши йўқ бўлса, бу иш қанақасига қўзғатилган? 167-моддани бунга қўллаб бўлмайди аслида, дея менга ўз фикрларини билдирган. Тергов давомида мен билан боғлиқ яна қўшимча текширувлар ўтказишди. Якунда ўзлари баёнот берди. Лекин ҳозир сезишимча, бир-бирига тўғри келмаяпти. Бунинг тагига судья етади, деган умиддаман.
Шу ўринда судьяга бир қанча саволларим бор. 3-4 кун олдин Зокиржонов ишига оид ҳужжатларни қайта ўрганиб чиқдим. Мени бир нарса қизиқтиряпти, яъни жиноят ишида шағал олиб чиқиб кетиш, деган масала бўляпти. Бундай ҳолатда олиб чиқиб кетганларнинг барчасига нисбатан жавобгарлик масаласи қўйилиши керак эмасми? Ҳокимият вакиллари ва яна бошқа кимлардир ҳам олиб чиқиб кетибди. Нима учун бир нафар одам жавобгар бўлиб қоляпти ёки уларники жиноят эмасми? Зарар ҳақида гап кетяпти, аммо нима учун ҳамма бирдан жавоб бермаяпти? Шу саволлар негадир менда шубҳа уйғотяпти. Шаффофлик асосида барчага тенг қаралишини илтимос қилиб қолардим», — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Суд мажлисида Расул Кушербаевдан ташқари Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бекобод тумани бўлими (жиноят иши қўзғатилган даврда департаментнинг Янгийўл тумани бўлими бошлиғи бўлган - таҳр.) ходими Ифтихор Султонов, Янгийўл тумани прокурори катта ёрдамчиси Жамолшер Рустамов ҳамда хусусий тадбиркор Азиз Йўлдошев ҳам гувоҳ сифатида кўрсатма берди.
Ифтихор Султонов ва Жамолшер Рустамов депутат Расул Кушербаевга нисбатан қарши кўрсатма талаб қилинганини инкор этиб, жиноят иши амалдаги қонунчиликка мувофиқ юритилганини таъкидлашди.
Суд жорий йилнинг 9 сентябрь кунига қадар танаффус эълон қилди.
Тасодифий хабарлар
2064 йил — Ер юзини қандай ўзгариш кутмоқда?
«Қўрқиб кетдим» – Шавкат Мирзиёев машинада Тошкентни айланганини айтди
Наманганда аёл 200'000 сўм эвазига уйида жинсий алоқа қилиш учун шароит қилиб берди
Расул Кушербоев Истеъмолчилар ҳуқуқини бузаётган “UzAuto Motors”ни жазолашни талаб қилмоқда
Хайрулла Бозоров Фарғона вилояти ҳокими этиб тасдиқланди