Binance тарихдаги энг йирик хакерлик ҳужумига учради

Binance тарихдаги энг йирик хакерлик ҳужумига учради

Дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance хакерлик ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида 6 миллиард доллардан ортиқ криптовалюта ўғирланди. Бу криптовалюта тарихидаги энг йирик ўғирлик бўлди. Бир нечта таҳлил компаниялари ҳужум ортида Шимолий Корея хакерлари турганини билдирмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Binance’нинг дастлабки текширувига кўра, хакерлар компания муҳандисларидан бирининг ноутбуки орқали тизимга кирган. Бу уларга хизмат контейнерига кириш ва рухсатсиз пул ечиб олиш операцияларини амалга ошириш имконини берган.

Компания барча йўқотишлар ўз маблағлари ва фавқулодда активлар жамғармаси ҳисобидан қопланишини маълум қилган. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг маблағлари хавфсиз эканини билдирган. Хавфсизлик текширувлари якунлангунига қадар биржада пул киритиш ва ечиб олиш операциялари вақтинча тўхтатилган.


АҚШ вақти билан кеча, 29 октябрь куни кечга бориб, криптовалюта компаниялари ўғирланган маблағнинг қарийб 3 миллиард долларини музлатишга муваффақ бўлган. Қолган маблағларни аниқлаш ва қайтариш ишлари давом этмоқда.

Криптовалюта операцияларини кузатувчи TRM Labs компанияси ҳужумни Шимолий Кореянинг махсус хакерлик гуруҳи амалга оширганини билдирган. Сингапурда жойлашган Pangolin Intelligence ва Chainalysis компаниялари ҳам ҳужум ортида Шимолий Корея турганини тахмин қилмоқда.

Pangolin Intelligence таҳлилчисининг CNN’га айтишича, хакерлар ўғирланган маблағларни нақдлаштириш учун пул ювиш билан шуғулланувчи ташкилотлар тармоғидан фойдаланиши мумкин.

Агар Шимолий Кореянинг ҳужумга алоқадорлиги тасдиқланса, бу мамлакат хакерлари томонидан амалга оширилган навбатдаги йирик крипто ўғирлиги бўлади. 2025 йил февраль ойида Шимолий Корея хакерлари Bybit криптовалюта биржасидан 1,5 миллиард долларлик активларни ўғирлаганликда айбланган эди.

АҚШ ва Жанубий Корея расмийларига кўра, Шимолий Корея хакерлари мамлакат учун муҳим даромад манбаларидан бири ҳисобланади. БМТ ва хусусий компаниялар ҳисоботларида Пхеньян билан боғлиқ хакерлар сўнгги йилларда банклар ва криптовалюта компанияларидан миллиардлаб доллар ўғирлагани қайд этилган.


Теглар:
×