Ўзбекистонлик мигрантларнинг темир йўл орқали Россияга киришида янги тартиб ўрнатилади

Ўзбекистонлик мигрантларнинг темир йўл орқали Россияга киришида янги тартиб ўрнатилади

Россияда ишлаш учун Ўзбекистондан чартер поездларда меҳнат мигрантларини олиб киришнинг янги қоидалари тасдиқланади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Айтилишича, бу маълумотни Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин берган. «Биз Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Алексеевна Голикованинг блоки билан Ўзбекистондан нафақат қурилиш учун, балки уй-жой коммунал хўжалиги ва савдо соҳаси учун ҳам меҳнат мигрантларини олиб келиш бўйича ишларни келишиб олдик. Умид қиламанки, яқин кунларда қўшимча қоидалар ва қанча мигрант олиб келишимиз тасдиқланади», — деган Хуснуллин.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Россияда ишлашни истаган мигрантларда аввал коронавирусга қарши эмлашни ташкил этиш, сўнгра Ўзбекистондан чартер поезд рейсларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Қайд этилишича, Россия Қурилиш вазирлиги Ўзбекистон билан чартер поездларда қурилиш секторида ишлаш учун мигрантларни олиб келиш тартибини муҳокама қилган.

×