27 июль куни Швейцария суди Lombard Odier хусусий банкини пул ювишнинг олдини ололмагани учун 3 миллион швейцария франки (3,68 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди, аммо Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан суд жараёнини тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Швейцария прокурорлари Каримовани пора олишда ҳамда 2005 ва 2013 йиллар оралиғида Швейцариядаги банк ҳисоб рақамларига юзлаб миллион доллар ўтказган “Офис” деб номланган жиноий ташкилотни бошқаришда айблаган эди.
Женевада жойлашган Lombard Odier ва унинг собиқ ходими Каримованинг эҳтимолий жиноий фаолиятидан олинган даромадларни яширишга имкон яратганликда айбланган. Суд жараёни жорий йил апрель ойида бошланган эди.
Гулнора Каримованинг 43,5 млн доллар пули нимага сарфланиши айтилди
Суд ўз баёнотида Lombard Odier банкини пул ювишнинг олдини олиш учун “барча оқилона ва зарур ташкилий чораларни кўрмагани” учун жаримага тортганини ҳамда 400 миллион франкдан ортиқ активларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарганини маълум қилган.
Суд Lombard Odier банкининг фақат “C.” исми билан кўрсатилган собиқ ҳисоб-китоб менежерига 24 ойлик шартли қамоқ жазосини тайинлаган.
Lombard Odier баёнотига кўра, ушбу иш банкнинг ўзи 2012 йилда Швейцария расмийларига шубҳали ҳолатлар ҳақида хабар берганидан сўнг бошланган. Банк ўша вақтда мустаҳкам ички назорат ва пул ювишга қарши тартиб-қоидаларга эга бўлганини маълум қилган ва суд қарори устидан шикоят қилишини билдирган.
“Reuters”нинг ёзишича, Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг 54 ёшли қизи Каримова ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни рад этган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017 йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган. Биринчи президентнинг қизи дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазо ўтаган. 2025 йил январь ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлди.

Тасодифий хабарлар
Benzin, elektr va gaz narxi baribir oshadigan bo‘ldi
Сабзи нархи тушиши кутилмоқда
Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида махсус режим ташкил этилади
Ўзбекистон ва Гана ўртасидаги баҳс Наманганда ўтказилади
«Инстаграм» аккаунтни осон тиклаб бермоқчи