Андрей Канчельскис 1,6 млн доллар компенсация, «Навбаҳор» ва ўзбек футболидаги нопрофессионаллар ҳақида
«Навбаҳор» клуби собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскис «Матч ТВ»га интервью берди. Унда мутахассис ва Наманган шаҳри жамоаси ўртасида юзага келган муаммо ҳақида сўз борди.
Андрей Канчельскис маоши вақтида тўлаб берилмагани сабабли «Навбаҳор» жамоасидан истеъфога чиққан эди. Бу масала юзасидан мураббий ФИФАга шикоят хатини ёзган. ФИФА Канчельскис ва «Навбаҳор» ўртасидаги низони россиялик мураббий фойдасига ҳал қилди.
Шартномани бекор қилишига сабаб нималиги ҳақида
Биринчи ўринда футбол, иккинчи ўринда инсон фактори туфайли. Меҳнатинг учун маош бермайдиган жойда ишлаб бўлмайди. Сабр тугайди. Клубда ишлайдиган нопрофессионал инсонлар ҳам бунга сабаб бўлди. Улар билан доим низога бориш ярамайди. Футболга алоқаси йўқ инсонларга ниманидир исботлаш қийин. ‘Навбаҳор’ мухлислари, Наманган аҳли бундай раҳбариятга муносиб эмас. Республиканинг бошқа жамоаларида ҳам нопрофессионаллар етарлича.
Бу нопрофессионал шахслар кимлиги ҳақида
Улар клуб тизимига кирадиган одатий тадбиркорлар. Россияда ҳам бундай инсонлар бор. Бошқа соҳадан кириб келади ва мутахассисларга футболни ўргатишга уринади. Ўз вақтида ‘Волга’ бошқарув кенгаши раиси Сватковский келиб футболчиларга 2—3 соат югуриш кераклигини ўргатганди. Ҳамма нарсага тушунадиган инсон муносабат билдириш лозим, ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши керак.
Айнан ўша тадбиркорлар сизни ишга олмаганми?
Йўқ, мен Наманган вилояти ҳокими билан гаплашганман. Кейин у бошқа лавозимга ўтиб кетди. Мен у ердалигимда раҳбарият 3 марта алмашди. Алмашинув доим ҳам яхши бўлавермайди. Иккинчи мураббий Алексей Беленков билан бирга бунга эътибор қилмасликка ва максимум ишлашга ҳаракат қилардик. Оқибатда Беленковни номаълум сабабларга кўра айблашди ва ишдан олишди. У ҳам ФИФАга шикоят ёзган ва натижасини кутяпти.
Алексей Беленков олдинроқ шикоят ёзган бўлишига қарамасдан унинг аризаси ҳалигача кўриб чиқилаётгани ҳақида
Беленков иши бўйича ФИФА аллақачон қарор қабул қилган. Энди CAS’нинг (спорт арбитраж суди) қарорини кутяпти.
Клуб муроса вариантларини таклиф қилгани ҳақида
Шартномамда 200 минг доллар устама, яна тўлиқ маошим, даволаниш учун кетадиган харажатлар ёзилган ва мен келишувга тайёр эдим. Энди эса ҳеч қандай муроса ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Клуб ўтган йили Тошкентдаги хусусий шифохонада коронавирусдан даволанганимдаги харажатларни тўлаб бермади, гарчи катта пул сарфланмаган бўлса-да. Шартномада эса даволаниш харажатлари қопланиши келтирилганди. Мана инсоний муносабат. Ҳозир улар қандайдир вариантлар билан олдимга келмоқда, лекин энди ҳеч нарсанинг иложи йўқ.
Бу клуб учун қандай оқибатларни олиб келиши ҳақида
‘Навбаҳор’ қандай қарор қабул қилишини билмайман. Одамлар бундай ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини тушунишини истардим. ФИФА ва CAS каби тизимлар фаолият кўрсатишини билишларини хоҳлардим. Инсонлар нафақат футболда, барча соҳада ўзини бундай тутиши керак эмас.
«Навбаҳор» раҳбарияти уни ичкиликбозликда айблагани ҳақида
Улар ўзини оқлаш учун нимадир дейиши керак-ку. Афтидан, улар Ромашенконинг сўзларига ёпишиб олган. ‘Навбаҳор’ базасида яшаганман. Мен билан бирга ишлаган бирорта футболчи шундай эканлигини айтса, ана унда бу савол муҳокама қилишга арзийди. Бу туҳматлиги кўриниб турибди.
«Навбаҳор»га қайтганидан афсусланмаслиги ҳақида
Қачонки сен билан ҳокимнинг ўзи гаплашса ва барчасини бошидан бошлашни таклиф қилса, уни рад этиш жуда қийин. Афсусланмайман. Пандемияга қадар натижаларимиз яхши эди, биз учинчи ўринга чиққандик. Кейин эса бутун жамоа билан бирга коронавирусга чалиндик. Раҳбарият эса қўллаб-қувватлаш ўрнига бизга негатив сочишни бошлади. Клубнинг молиявий аҳволини ҳисобга олиб, маошим қисқаришига ҳам рози бўлгандим. Лекин улар буни ҳисобга олмади.
«Навбаҳор»даги ишини ўзи қандай баҳолаши ҳақида
Ўз меҳнатимни баҳолаш жуда қийин. Клубда бўлган вақтим жамоанинг уч футболчиси миллий терма жамоага чақирилди, яна бири Олимпия термасидан чақирув олди. Ўрунов Россия чемпионатига йўл олди. Алишер Усмоновнинг ‘Носта’ жамоаси ҳақидаги сўзларини эслайман, ўшанда Усмонов ҳеч бўлмаганда битта футболчи Россия терма жамоасига чақирилса — бу катта ютуқ эканлигини айтганди. Семёнов терма жамоага чақирилди. Менимча, бу ҳам кўрсаткич. Натижаларга келадиган бўлсак, «Пахтакор» билан курашиш қийин. Шунда ҳам биз уларга доим кураш таклиф қилганмиз. Мухлислардан миннатдорман. Улар доим бизни қўллаб-қувватлаган. Вазият бундай тус олганидан афсусдаман.
Ўзбекистон футбол раҳбариятига маслаҳатлари
Профессионал жамоалар бошқарувини синчковлик билан назорат қилиш керак. Баъзи жамоа раҳбарлари давлат ажратган маблағларни самарасиз ишлатмоқда. Мусобақа ва клублар бошқарувида нопрофессионал менежментни кўрамиз. Бунинг оқибатида ўзбек футболининг даражаси тушиши мумкин. Россияда ҳам шунақа вазият. Профессионаллар етишмайди. Ўзбекистон футбол федерацияси қадрият, имконият ва мақсадлардан келиб чиқиб футболни ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиши лозим. Масалан, немис ёки нидерландча моделни Россия футболига олиб кирсак, терма жамоамиз Германияга айланмайди-ку.
Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришади ва ўйнашади. Захира тайёрлашнинг самарали усуллари ва Европанинг кучли лигаларига футболчилар етказиб бериш имкониятлари мавжуд. Масалан, Аҳмедов, Шомуродов ёки Ўруновни олайлик. Афсуски, Ўзбекистонда профессионал менежерларни тайёрлаш даражасини ошириш учун шароит яратилмаган. Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб амин бўлдимки, федерация ва лига раҳбарияти таълим дастурини ишлаб чиқиши ва ўзбек футболи фахрийларига менежмент, иқтисодиёт ва спорт ҳуқуқи кабиларни ўргатиши керак. Шунда давлат ва бизнес бошқарувида таваккалчиликлар ва молиявий йўқотишлар кам бўлади. Нопрофессионаллик ва очкўзлик мусобақалар ривожига тўсқинлик қилади. Шунинг учун мамлакатда футболни яхши тушунадиган сифатли бошқарувчилар камёб. Худди шундай кадрларни етиштириш лозим.
Андрей Канчельскис, «Навбаҳор» собиқ бош мураббийи
Тасодифий хабарлар
Оғзида 951 грамм олтин яшириб ўтаётган икки ўзбекистонлик ушланди
Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларига таътил кунлари эслатилди
Косонсойлик истеъфодаги подполковник вафот этди
Ўзбекистон ва Эрон Афғонистонга иқтисодий ёрдам бермоқчи
Ургут туманида содир бўлган можаро ҳақида маълумот берилди