Сифатсиз товарлар ҳақида хабар берганларга пул тўланади

Сифатсиз товарлар ҳақида хабар берганларга пул тўланади

Ўзбекистонда сифатсиз товаралар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг жорий йилнинг 21 август куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Унга кўра, муомалага киритилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган иқтисодий операторлар мазкур ахборот олинган пайтдан эътиборан 10 кун ичида бу ҳақда бозор назорати органига хабар қилиши шарт.

Муомалага киритилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга номувофиқ экани тўғрисидаги ахборотни олган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, импорт қилувчи, тарқатувчи уни ишлаб чиқарувчига ўн кун ичида етказиши шарт.

Иқтисодий оператор ҳисобланмайдиган ва муомалага киритилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган шахс ушбу ахборотни бозор назорати органига юборишга ҳақли. Қонунчиликда ушбу шахсларни молиявий рағбатлантириш назарда тутилиши мумкин.

Бозор назорати органи муомалага чиқарилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга номувофиқлиги тўғрисидаги ахборотни олгач, ахборот келиб тушгани ҳақида иқтисодий операторни 5 кун ичида хабардор қилиши шарт.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

  • муомалага чиқарилган маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида номувофиқ маҳсулотлар ҳақида хабар берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартибини 4 ой муддатда тасдиқлайди;
  • давлат ва нодавлат илмий ташкилотлар томонидан халқаро консултантларни жалб қилган ҳолда илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида етказилган маънавий зарар миқдорини аниқлаш бўйича услубиёт 6 ой муддатда ишлаб чиқилишини таъминлайди;
  • ҳукумат қарорларини ушбу қонунга мувофиқлаштирилади;
  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиши ва бекор қилишини таъминлайди.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди 3 ой муддатда республика бўйича судлар томонидан сўнгги 3 йилда фуқаролар фойдасига маънавий зарар учун тўлов тайинланган суд ишларининг маълумотлар базасини шакллантиради ва доимий янгилаб боради ҳамда ундан судлар томонидан маънавий зарар бўйича ишларнинг кўриб чиқилишида фойдаланиш имкониятини яратади.


×