ИИБ ходимлари уюшган жиноий тўда томонидан тошбўрон қилингани айтилган видео юзасидан расмий маълумот

ИИБ ходимлари уюшган жиноий тўда томонидан тошбўрон қилингани айтилган видео юзасидан расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари маҳалланинг уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари томонидан тошбўрон қилингани айтилган видео тарқалди. Андижон вилояти ИИБ мазкур ҳолатга муносабат билдириб, видеодаги тасвирлар бўйича масъул ходимлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Аниқланишича, Балиқчи тумани «Аълам» МФЙда яшовчи А.Б. туман «Сувоқова» ташкилотига тегишли бўлган сув қазиб чиқариш иншооти ва ҳудудини ўзининг томорқасига ноқонуний қўшиб, девор билан ўраб олган. Агар сув иншооти носоз ҳолга келса, таъмирлаш учун келган фуқароларни бу ҳудудга ўтишга тўсқинлик қилаётгани учун маҳалла аҳолиси билан ушбу оила ўртасида низо юзага келган.

Мазкур масала Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан тумани судида ўтган 2021 йилнинг 28 май куни кўриб чиқилиб, маҳалла аҳолиси фойдасига ҳал этилган. Ушбу ноқонуний қурилган бинони бузиш учун суд томонидан муддат белгиланган. МИБ ҳамда туман мутасадди раҳбарлари томонидан ушбу қарорга асосан А.Б.га ноқонуний қурилишни бузиш кераклиги тушунтирилган бўлса-да, у томонидан бунга қаршилик қилиниб, девор бузилмаган.

2022 йилнинг 28 январь куни Мажбурий ижро бюроси ходимлари суд қарорига асосан А.Б.нинг хонадонига сув қудуғи ҳудудидаги ноқонуний қурилган деворни бузиш учун ижрога борган вақтида А.Б. ва унинг бирга яшовчи ўғли Р.Ш. келини Й.Г. билан маҳалла аҳолиси ўртасида низо келиб чиқиб, оқибатда маҳаллада яшовчи бир неча фуқаро томонидан А.Б.нинг деворига тош отилган ва бу ҳолат дарҳол ИИБ ходимлари томонидан бартараф этилган.

«Отилган тошлар у ерда бўлган ИИБ ёки бошқа мутасадди ташкилот ходимларга ёхуд фуқароларга қаратилмаган ва уларга тегмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якунига кўра, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар аниқланган тақдирда, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади муносабатда.

×