Шавкат Мирзиёев ЖСТга кириш жараёнини тезлаштиришни топширди

Шавкат Мирзиёев ЖСТга кириш жараёнини тезлаштиришни топширди

Бугун, 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва ушбу жараённи жадаллаштириш бўйича 2026 йилдаги вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.


Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилган. Уларда 200 дан ортиқ саволларга жавоблар, 30 дан зиёд ташқи савдога оид ҳужжатлар ЖСТ аъзоларига тақдим этилган.

Шу билан бирга, икки томонлама музокаралар доирасида 40 дан ортиқ музокаралар раунди олиб борилган. 2025 йилнинг ўзида 11 та давлат билан музокаралар якунланиб, бундай давлатларнинг умумий сони 33 тага етган.

Билдирилишича, ЖСТ аъзолари томонидан Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ жадал ислоҳотлар амалга оширилаётгани ижобий эътироф этилмоқда. Хусусан, ўтган йилда 68 та қонунчилик ҳужжати ЖСТ ва халқаро меъёрларига уйғунлаштирилган.

Жумладан, ЖСТ қоидаларига уйғунлаштириш доирасида интеллектуал мулкни рўйхатга олиш жараёнлари соддалаштирилиб, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган, экспорт чекловлари бекор қилинган ва шаффоф механизмга эга экспорт божлари жорий этилган, айрим маҳсулотлар учун минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти бекор қилингани таъкидланган.

Шунингдек, савдодаги техник тўсиқларни қисқартириш, санитария ва фитосанитария соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказишнинг бюрократик тартиби ўрнига сертификатлаштириш жорий этилган, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги устидан назорат Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига ўтказилган ва 14 та озиқ-овқат техник регламенти бекор қилинган, 747 та товар позицияси бўйича мажбурий сертификатлаштириш талаблари тугатилган ва рўйхат 27 фоизга қисқартирилган.

Тақдимотда озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги ва савдони ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги янги қонунларни қабул қилиш, санитария, ветеринария ва карантин соҳасига хавфни таҳлил қилиш, кузатувчанлик ҳамда илмий асосланганлик тартиботларини жорий этиш ҳолати кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари жорий йилда Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзолигини расмийлаштириш бўйича комплекс ишларни сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берган.

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонунчиликни ЖСТ қоидалари ва халқаро савдо стандартларига тўлиқ мувофиқлаштириш ишларини тизимли давом эттириш, ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки ва кўп томонлама музокараларни якунлаш ҳамда аъзоликни расмийлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.


Теглар:
×