Халқаро футбол федерацияси (FIFA) 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармасини 15 фоизга ошириб, 871 миллион долларга етказиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.
Ушбу қарор FIFA кенгашининг Ванкувердаги (Канада) йиғилишида “эркаклар ўртасидаги асосий турнирнинг тижорий муваффақияти”га таянган ҳолда қабул қилинган.
Янгиланган молиявий режага кўра, 48 та иштирокчи терма жамоанинг ҳар бири аввал эълон қилинган 10,5 миллион доллар ўрнига камида 12,5 миллион доллардан олади. Тайёргарлик учун ажратиладиган маблағ ҳар бир жамоа учун 1,5 миллион доллардан 2,5 миллион долларгача, квалификация бадали эса 9 миллион доллардан 10 миллион долларгача оширилган.
Бундан ташқари, FIFA делегациялар харажатларини қоплаш ва терма жамоалар учун чипта квоталарини кўпайтириш мақсадида жами 16 миллион доллардан ортиқ субсидия ажратган. Даромадларнинг қолган қисми аввалгидек FIFA аъзоси бўлган 211 та ассоциация орқали жаҳон футболини ривожлантиришга йўналтирилади.
Мукофот пулларининг қайта кўриб чиқилишига миллий ассоциацияларнинг хавотирлари сабаб бўлган. Улар логистика ва солиқларнинг юқорилиги, айниқса АҚШда, турнирда муваффақиятли иштирок этган тақдирда ҳам молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. “The Guardian” нашрининг хабар беришича, кўплаб Европа федерациялари Жаҳон чемпионатидаги иштирок зарар билан якунланиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати илк бор 48 та жамоа иштирокида, бир вақтнинг ўзида учта мамлакат – АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади.
Тасодифий хабарлар
АҚШда Трампни ўлдирмоқчи бўлган йигит қўлга олинди
Наманганлик йигит телефон пулини бермаслик учун тенгдошини ўлдириб, чиқиндилар орасига кўмиб юборди
Қозоғистонда масжидда портлаш содир бўлди. Оқибатда 3 киши ҳалок бўлди
Банкларда доллар курси яна янги рекорд ўрнатди
Мактаб имтиҳонлари бекор қилинди