Ёдингизда бўлса, Туркиянинг Ойдин вилояти Кўшк туманида 2025 йил 5 июль куни тунги соат 03:30 атрофида ўзбекистонлик 35 ёшли Муаттар Алиева ўзи ишлаган казинода бошидан ўқ узилгани оқибатида ҳалок бўлганди.
Прокуратура унинг ўлими юзасидан казино эгаси – ҳибсда сақланаётган Рашид Ясанга нисбатан “қасддан одам ўлдириш” моддаси билан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосини сўраганди.
Жорий йилнинг 13 апрель куни Муаттар Алиева ўлими бўйича илк суд жараёни ўтказилди. Бу ҳақда “Aydın ses gazetesi” хабар берди.
Гумонланувчи Рашид Ясан берган кўрсатмасида 90 фоиз ногирон эканини, ўнг қўлидан фойдалана олмаслигини айтиб, қотилликни содир этмаганини таъкидлаган. Шу билан бирга, суд унинг ўнг қўли бўйича тиббий хулоса олиниши кераклигини билдирган. Шунингдек, у ўзига қўйилган айбловларни рад этган ҳамда суддан оқлов сўраган.
Рашид Ясан муқаддам марҳума билан ишқий муносабатда бўлган. Судда унга рашк сабабли жиноят содир этгани ҳақида қўйилган даъволарни инкор қилиб, Муаттар Алиева билан муносабатлари “бир марталик” бўлганини маълум қилган.
“Одам севган аёлини ўз қўли билан бошқа эркакнинг олдига юборадими? У менинг севгилим эмасди. Аҳмад Ч. билан муносабатини эшитгач, “менга бошқа телефон қилма, ажрашамиз”, дедим. У стол устидаги қуролни олди. “Сени ҳам отаман, ўзимни ҳам отаман”, деди ва ўртага қарата ўқ узди. Мен тўхтатишга ҳаракат қилдим, лекин ўша пайтда яна бир марта ўқ узилди. Тўсқинлик қила олмадим. Олдимга йиқилди. Ўша заҳотиёқ қонни тўхтатишга уриндим. Полицияга қўнғироқ қилганим учун бошимга келмаган кулфат қолмади. Ўша пайтда ўнг қўлим гипсда эди, бу ҳақда ҳужжатим ҳам бор. Ўнг қўлимни умуман ишлата олмайман. Мен ўқ узмаганман”, деган Рашид Ясан.
Тахминан 7 соат давом этган суд мажлисида 4 нафар айбланувчи ва 14 нафар гувоҳнинг кўрсатмаси тингланган. Гувоҳларнинг аксарияти Ясаннинг қариндошлари экани ҳамда уларнинг терговдаги кўрсатмалари билан суддаги баёнотлари ўртасида жиддий тафовутлар борлиги шубҳа уйғотган.
Айниқса, Аҳмад Ч. воқеа пайтида қурол Алиеванинг қўлида бўлганини, тортишув чоғида бир марта ўқ узилгани, қуролни тортиб олиш жараёнида эса иккинчи марта ўқ отилганини айтгани эътиборни тортган.
Суд ҳайъати ишни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида муҳим оралиқ қарорлар чиқарган. Ясаннинг ўнг қўли бўйича тиббий хулоса олиниши белгиланган. Шунингдек, Алиеванинг ўлими юзасидан Суд экспертиза институтидан ўқ узилган масофа ҳамда қурол қайси қўл билан ишлатилганини аниқловчи батафсил хулоса талаб қилинган.
Бундан ташқари, суд воқеа содир бўлган казинода текширув ўтказишга ва ҳали сўроқ қилинмаган гувоҳларни ҳам тинглашга қарор қилган.
Асосий гумонланувчи Ясанни қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси ўз кучида қолдирилган. Кейинги суд мажлиси эса жорий йилнинг 3 июль куни ўтказилади.
Тергов доирасида бошқа айбланувчилар – Эмраҳ К., Иброҳим Й. ва Акиф Д. ҳам қурол ҳамда кузатув камераси ёзувларини яширганликда гумонланаётгани маълум қилинган. Уларга қўйилган “жиноят далилларини йўқ қилиш ёки яшириш” айблови бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Тасодифий хабарлар
Шаҳар ҳокимлиги товон пули тўлашда икки хил стандартга йўл қўяётган кўринади
1 октябрь – байрам арафасида неча кун дам берилади?
Жиззахда аёл ва 5 ёшли боланинг ёқиб юборилган жасади топилди. Қотил уларнинг яқини бўлиб чиқди
Дунёдаги энг кучли давлатлар эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?
АҚШ Хитой билан ҳарбий тўқнашувга тайёр эмас – WSJ