Ўзбекистонда янги ислоҳот: энди давлат хизматига кимлар олинади?

Ўзбекистонда янги ислоҳот: энди давлат хизматига кимлар олинади?

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади, дея хабар бермоқда “Газета.уз”. Ҳужжатга мувофиқ 2020 йилнинг 1 январидан давлат хизматига ишга қабул қилишнинг очиқ мустақил танловга таянган тизими синов тариқасида иш бошлайди.

Энди ўз билими, тажрибаси ва малакасига ишонган ҳар ким давлат хизматига ишга кириши ҳамда сайланадиган ёки алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимлардан ташқари ҳар қандай лавозимга даъвогарлик қилиши мумкин.

Фармонда эътироф этилишича, Ўзбекистонда давлат идораларининг мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаслигига, кадрлар малакасининг олдинга қўйилган вазифалар ва замонавий талабларга мос эмаслигига ҳамда қабул қилинаётган қарорларг сифатининг паст бўлишига олиб келаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжуд.

Бундан ташқари, давлат хизматига ишга қабул қилишда номзодларни танлашнинг, бу жараёнда барча фуқароларнинг тенг иштирок этишининг шаффоф механизмлари ишлаб чиқилмаган. Давлат хизмати ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминловчи чора-тадбирлар татбиқ этилмаган.

Фармонга мувофиқ қуйидагилар давлат хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари деб ҳисобланади:

  • энг муносиб ва қобилиятли шахсларни уларнинг касбий фазилатлари ва алоҳида хизматларига адолатли ҳамда объектив баҳо бериш асосида давлат хизматига қабул қилишни назарда тутадиган меритократия принципини қўллаш;
  • давлат хизматида «мансаб модели»ни жорий этиш, бунда мансаб даражаларидан босқичма-босқич ўтиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш, шунингдек, давлат хизматчиларининг тоифалари ва уларга малака даражалари бериш назарда тутилади;
  • давлат хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш, бу номзоднинг барча устунликлари ва афзалликларини, шу жумладан унинг ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларини холисона баҳолаш имконини беради;
  • давлат органи ва ташкилотининг даражаси, ходимнинг малака даражаси ва шахсий ҳиссаси асосида иш ҳақини аниқлаш учун ягона талабларни белгилашни назарда тутувчи давлат хизматчиларига иш ҳақи тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш;
  • миллий, республика, соҳа ва минтақавий даражада самарали ҳамда малакали кадрлар захирасини шакллантириш, давлат хизматига энг малакали номзодларни танлаш учун хусусий бандлик агентликларини фаол жалб қилиш ва аутсорсингнинг замонавий шаклларидан фойдаланиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларида кадрларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
  • самарали ижтимоий кафолатлар тизимини жорий этиш, шунингдек, давлат хизматчиларининг касбий маҳоратини ошириш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш учун рағбатлантириш.

Давлат хизматчиси ким?

Фармонда белгиланишича:

  • давлат хизматчиси ўз фаолиятини давлат хизматчилари лавозимлари реестрига киритилган лавозимларда амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаросидир;
  • чет давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси президентининг алоҳида қарорларида белгиланган тартибда давлат хизматчилари лавозимларини эгаллашлари мумкин;
  • давлат хизматчилари лавозимлари реестрига киритилган лавозимларни эгаллаб турган давлат хизматчиларининг фаолияти давлат хизматига оид қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади;
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хизмат қилиш давлат махсус хизмати бўлиб, алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Давлат хизматини ривожлантириш – Президент назоратида

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (ДХРА) ташкил этилди. У давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларда кадрлар бошқаруви ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлади.

Қайд этилишича:

  • Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобот беради;
  • Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси бир вақтнинг ўзида агентлик директори ҳисобланади;
  • агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • давлат хизматини трансформацияси учун мафкуравий платформани, уни ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалда бажарилишини таъминлаш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • давлат хизматини ривожлантириш тенденциялари ва ривожланиш истиқболларини мониторинг ҳамда таҳлил қилиш, ушбу соҳадаги муаммолар ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган инновацион усулларини жорий этиш;
  • Миллий кадрлар захирасини бошқариш, давлат хизмати лавозимлари реестрини юритиш, шунингдек, давлат хизматчилари бўш лавозимларининг ягона очиқ порталини яратиш ва юритиш;
  • давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик рейтингини шакллантириш учун ўлчов кўрсаткичлари (муҳим кўрсаткичлар) тизимини жорий этиш;
  • малакали ва юқори малакали мутахассисларни аниқлаш ва жалб қилиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш, шу жумладан, чет элда яшаётган ватандошлар орасида, шунингдек, иқтидорли ёшлар ва аёлларни давлат хизматига кенг жалб қилиш;
  • давлат хизмати учун энг истиқболли кадрларни очиқ мустақил танлов асосида ташкил этиш;
  • давлат хизматчилари ўртасида юқори касбий этика, коррупцияга қарши маданият ва коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • давлат хизмати соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва изчил такомиллаштириш, давлат хизматчилари шахсий маълумотларининг сақланиши билан боғлиқ маълумотлар базасини шакллантириш;
  • давлат хизматчиларининг иш берувчилар билан муносабатларида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, шунингдек уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шароитлар яратишда кўмаклашиш.
×