Ўзбекистонда кучайтирилган карантин қачондан жорий қилинади? Расман жавоб берилди

Ўзбекистонда кучайтирилган карантин қачондан жорий қилинади? Расман жавоб берилди

Аввалроқ, Ўзбекистонда ҳам COVID-19 коронавируснинг янги “британча” штамми аниқлангани, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан қайтган оиланинг 10 яшар қизида ушбу вирус қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳозирги кўпчиликни бир савол ўйлантиряпти, ташвишга соляпти: Ўзбекистонга яна кучайтирилган карантин қайтадими? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековга юзланди. 

“Айнан ҳозирги ҳолат бўйича карантин қайтишига умуман асос йўқ, деб ҳисоблаймиз. Лекин агар биз ҳаддан ортиқ хотиржамликка бериладиган бўлсак, ҳаммамиз Ўзбекистонни ташлаб, чет давлатларда сайр қилишни бошлайдиган бўлсак, касалликни катта миқдорда олиб келишни таъминлайдиган бўлсак, у ҳолда бу каби чекловлар ўрнатилишига асос бўлиши мумкин. 

Лекин биз бир нарсани англаб етишимиз керак: қачонки халқимиз мутахассисларнинг тавсияларига тўғри итоат қилган ҳолда ҳаёт тарзини тутсалар, шакллантирсалар, демак биз жиддий чеклов ёки карантин тадбирларига рўпара келмаймиз.

Дунё ҳамжамиятида кўряпсизлар, баъзи давлатлар чеклов тадбирларини кучайтиряпти. Баъзилар эса бир мунча юмшатяпти. Демак, бундан кўриниб турибдики, вазиятга қараб хулоса қилинади. Ҳозир эса бундай хулоса қилиш учун ҳеч қандай асосни кўрмаяпман”, дейди Отабеков. 

Маълумот ўрнида, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар қилинишича, коронавируснинг “британча” штамми аниқланган 10 яшар қизалоқнинг умумий аҳволи яхшилиги боис, уй шароитида изоляцияга рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ карантин чоралари 2020 йилнинг 16 мартидан эълон қилинган эди. Бу орада мамлакатда икки марта кучайтирилган карантин тадбирлар ҳукм сурди. Сўнгги бор кучайтирилган карантин чекловлари 10 июлдан 15 августгача давом этди. Сентябрь ойига келиб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан бирин-кетин ўрнатилган чекловлар олиб ташланди. Айни вақтда ниқоб тақиш, қўлларни ювиш ва дезинфекция воситаларидан фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш, кўпчилик бўлиб тўпланмаслик, 30 кишидан ортиқ оилавий тадбирлар ўтказмаслик асосий карантин қоидаси бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 25 декабридан бошлаб хориждан кириб келаётган фуқаролар мамлакат халқаро аэропортларида антиген тестини топшириши мажбурий этиб белгиланди. 21 декабрдан 2021 йилнинг 10 январигача Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилди. 

Манба: Qalampir.uz

×