Шавкат Мирзиёев “номига” сайёр қабул ўтказиб юрган ҳокимларни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев “номига” сайёр қабул ўтказиб юрган ҳокимларни танқид қилди

Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан “номига” гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрибди. Бугун, 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ўз раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида ушбу туман ва шаҳар ҳокимларини танқид қилди.


Йиғилишда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан, меҳнатга лаёқатли аҳоли 20 миллиондан ошгани, сўнгги тўққиз йилда аҳоли даромади 2 карра кўпайгани қайд этилган.

Халқ оғирини енгил қилиш, кўтарган масалаларига ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳаллага тушиб ишлайдиган тизим яратилган. Бу йил ҳам маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда.

“Энди вазирлар, ҳокимлар ўзига савол берсин: шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтарган масалаларга вақтида ечим топиб беряптими? Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш.
Тўғри, Халқ қабулхоналари вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди”, дейди Президент.

Бундан кейин “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор ҳар бир туман, шаҳар, вилоят ҳокими, вазир, унинг ҳудудий ташкилот раҳбарларининг бош қоидаси бўлиши зарурлиги қайд этилган.

Мамлакатда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келаётгани қайд этилган. Лекин бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилмоқда.

Деҳқонобод, Миробод туманлари, Навоий, Оҳангарон ва Янгиер шаҳарларида ҳар ўн минг аҳолига тўғри келадиган аризалар сони бошқа туманлардан 2 баробар юқори экани кўрсатиб ўтилган. Ёки мурожаатлар сони республикада 16 фоизга камайгани билан Қоровулбозор, Нурота, Конимех, Тупроққалъа туманлари, Наманган шаҳрида олдинги йилдан 50 фоизгача ошган.

Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан “номига” гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юргани танқид қилинган.


Теглар:
×