Исроил 14 ёшли болани ваҳшийларча ўлдирди Гуноҳи Ғазода туғилганими?

Исроил 14 ёшли болани ваҳшийларча ўлдирди Гуноҳи Ғазода туғилганими?

Ғарбий соҳилдаги ал-Фара қочқинлар лагерида 14 ёшли фаластинлик Жад Жадаллоҳ 2025 йилнинг ноябрь ойида исроиллик ҳарбийлар томонидан яқин масофадан ўққа тутилган. Гувоҳлар ва тасдиқланган видеоларга кўра, бола ерга йиқилганидан сўнг камида 45 дақиқа давомида қон кетишидан азоб чеккан, шу вақт ичида 14 нафар аскар уни ўраб турган. Икки тез ёрдам машинаси ҳодиса жойига етиб келганига қарамай, ҳарбийлар уларни яқинлаштирмаган. Бу ҳақда “BBC” хабар берди.

Исроил ҳарбий кучлари Жад “тош отган”ини ва бу ҳолат қоидаларга кўра ўлимли куч ишлатишга рухсат беришини билдирган. Бироқ видеода бир аскар бола ёнига қандайдир жисм ташлаб, уни суратга олаётгани кўринади. Жаднинг онаси Сафа ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳаракат болани “айбдор қилиб кўрсатиш”га уриниш бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Ҳарбийлар “дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган”ини билдирган, аммо қандай ёрдам ва қачон кўрсатилганига изоҳ бермаган.

Ҳодисанинг ўзи кузатув камерасига тушган. Тасвирларда Жад бурчакдан мўралаб қараётган пайтда бир аскар унга уч метрча масофадан ўқ узгани муҳрланган. Боланинг девор бўйлаб қочаётгани, ортидан яна ўқ узилгани ҳам кадрларда акс этган. Бир неча метр юргач, у йиқилади, қўл силтаб ёрдам сўрайди, аскарлар эса унинг қалпоғини тепиб юборганча беписанд бўлади.

Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятига кўра, чақирувдан саккиз дақиқа ўтиб етиб келган бригада қурол таҳдиди остида тўхтатилган. Фельдшерлар 35 дақиқа давомида яқинлашишга уринишган, аммо рухсат берилмаган. Ҳарбийлар эса аввал “портловчи мослама йўқлигига ишонч ҳосил қилиш” зарур бўлганини иддао қилган.

БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили Ғарбий соҳилда 55 нафар бола Исроил кучлари томонидан ўлдирилган, 2023 йил 7 октябрдан бери эса бу кўрсаткич 227 нафарга етган. Жаднинг жасади оиласига топширилмаган. Исроил томони айни пайтда 700 дан ортиқ фаластинликларнинг жасадини ушлаб тургани хабар қилинган. Оиланинг айтишича, жасадни қайтармаслик кўплаб саволларга жавоб бермаслик билан бирга оғриқни янада чуқурлаштирмоқда.


Теглар:
×