Жаҳон чемпионати ўйинлари чўзилиши мумкин

Жаҳон чемпионати ўйинлари чўзилиши мумкин

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати доирасидаги айрим учрашувлар АҚШда экстремал об-ҳаво шароити туфайли 2,5 соатгача чўзилиши мумкин. Бу ҳақда “The Touchline” нашри хабар берди.

Манбага кўра, ўйинларнинг чўзилишига сабаб бўладиган омиллар қаторига ҳаддан ташқари иссиқлик, юқори намлик даражаси, футболчилар учун қўшимча совитиш танаффуслари ҳамда момақалдироқ ва чақмоқ хавфи пайтида мажбурий тўхташлар киради. 

Шунга ўхшаш ҳолатлар аввал ҳам АҚШда ўтказилган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати вақтида кузатилган эди.

Турнирнинг дастлабки ҳафтасида мамлакат шарқий ҳудудларида бўлиб ўтган тўртта ўйин об-ҳаво сабабли вақтинча тўхтатилган. Бўрон ва чақмоқ хавфи туфайли танаффуслар 40 дақиқадан 130 дақиқагача давом этган.

АҚШдаги амалдаги хавфсизлик протоколи Миллий об-ҳаво хизмати талабларига асосланади. Агар стадиондан 10 миль (16,09 км) радиусда чақмоқ аниқланса, учрашув автоматик равишда тўхтатилади. Бу вақт ичида футболчилар ва томошабинлар очиқ жойларни тарк этиб, стадионнинг ёпиқ ёки ерости ҳудудларида бошпана топишлари шарт. Мазкур тартиб барча спорт турлари учун мажбурий ҳисобланади ва илгари қайд этилган бахтсиз ҳодисалар сабабли жорий этилган.

АҚШнинг ёзги иқлими, хусусан, 2026 йилги мундиал ўйинларига мезбонлик қиладиган Флорида ва Техас штатларидаги иссиқ ва нам об-ҳаво шароити сабабли шунга ўхшаш узилишлар эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда. Мутахассислар иқлим ўзгариши натижасида чақмоқ уришлари сони ортиши мумкинлигини ҳам қўшимча хавф омили сифатида қайд этмоқда.

Маълумот учун, 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтказилади.


Теглар:
×