Косонсойда ҳоким ўринбосари пора олаётганида қўлга тушди

Косонсойда ҳоким ўринбосари пора олаётганида қўлга тушди

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари Наманган вилоятида ўтказган тезкор тадбирда Косонсой тумани ҳокимининг ўринбосари қўлга олинди.

Хабарга кўра, ҳоким ўринбосари ўз мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий тадбиркорга босим ўтказган. Ҳокимият тадбиркорга ижарага берган ерни бошқа одамга олиб бераман деб таҳдид қилган. Амалдор ўз уйига 20 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб берса, тадбиркорни тинч қўйишини айтган.

Ўринбосар қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари учун 65 миллион сўм пулни ўз хизмат машинасида олаётган пайтида ушланди.

Ушбу ҳолат бўйича мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши очилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


×