Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 20 март кунидан кучга кирган қатъий карантин муддати 12 апрелгача узайтирилди ва янги чекловлар киритилди.
Олмаота бош санитар врачи Жандарбек Бекшиннинг янги қарорида 20 март куни имзоланган, ҳудудда 28 март кунигача карантин жорий этиш ҳақидаги қарорига қўшимча ва ўзгаришлар киритилиб, карантин муддати узайтирилди.
Унга кўра, «қизил» ҳудудда қуйидагиларнинг фаолият кўрсатиши тақиқланади:
- Савдо-кўнгилочар марказлари, савдо уйлари, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконлар;
- «Шимбулоқ» тоғ курорти; «Медеу» катоки;
- жамоат ҳаммомлари, сауналар, СПА-марказлар, бассейнлар; фитнес марказлар, спорт ва соғломлаштириш марказлари;
- музейлар, кутубхоналар, ҳайвонот боғлари, цирклар, болалар ва ўсмирлар таълим марказлари;
- компьютер клублари, бильярдхоналар, боулинглар, тунги клублар, театрлар, кинотеатрлар, концерт заллари.
Шунингдек, масжидларда жамоавий ибодат қилиш (жума намозлари ва беш маҳал намоз) тўхтатилган, бошқа диний муассасаларда ҳам йиғинлар ўтказилмайди. Рамазон ойи вақтида ифторликлар тақиқланади - фақат оила даврасида оғиз очиш қилиш мумкин. Дафн маросимлари фақат марҳумнинг яқинлари иштирокида, иштирокчилар сони ўн нафардан ошиқ бўлмаган тартибда ўтказилишига рухсат берилган.
Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари ўқишни масофадан давом эттиради.
Шаҳарлараро мунтазам автобус қатновлари тўхтатилади, томошабинлар иштирокида спорт мусобақалари ўтказилиши тақиқланади.
Чекловлар қуйидагиларнинг фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади:
- озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган бозорлар дам олиш кунлари ишламайди, бегим кунлари соат 17.00да ёпилади;
- умумий овқатланиш шохобчалари фақат уйга етказиб бериш ва олиб кетиш хизматлари билан ишлайди;
- жамоат транспорти (шаҳар ичкарисида ва шаҳар ташқарисига маршрутлар) - дам олиш кунлари штат жадвалига мувофиқ, эрталаб соат 6.00дан 10.00гача, кечқурун 17.00дан 22.00гача ишлайди;
- офислар ходимларининг 80 фоизи уйдан ишлашга ўтказилади, шаҳар ҳаёти учун муҳим бўлган ташкилотлар ва объектлар ишчилари бундан мустасно;
- Аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари бегим кунлари фақат 18.00гача очиқ бўлади;
- гўзаллик салонлари хат билан огоҳлантирган ҳолда ишлайди ва фақат соч олдириш мумкин бўлади.
Қарор 29 мартдан кучга киради.
Қозоғистонда кунлик касалланиш кўрсаткичлари кун сайин ўсиб бормоқда. 27 март куни мамлакатда 1596та янги ҳолат қайд этилган - бу бир кун олдингидан 100тага кўп. Шундан энг кўп ҳолат Олмаотада аниқланган - 510та янги ҳолат. Кейинги ўринда пойтахт Нурсултон - 382та янги ҳолат.
Мамлакатда шу вақтгача 240 мингдан ошиқ кишида касалланиш ҳолати қайд этилган, 2980 киши коронавирус қурбони бўлган, 216 мингдан ортиқ бемор тузалган, ҳозирда 20 мингдан ортиқ киши касалликдан даволанмоқда (актив кейс).
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон пойтахти Нурсултонда ҳам 18 мартдан чеклов ва карантин чоралари кучайтирилганди.
Тасодифий хабарлар
Қачон ва қандай бой бўламиз? Танзила Нарбаева Тўрақўрғонга борди (фото+видео)
Бош вазирнинг матбуот котиби лавозимидан озод қилинди
Санъаткор Ҳалима Ибрагимованинг синглиси қамоққа олинди
Россияда COVID-19 га қарши вакцина синови 60 нафар одамдан бошланади
Янги боғ ва монумент очилди