Самарқандда “киллер” орқали танишини ўлдирмоқчи бўлганлар ушланди

Самарқандда “киллер” орқали танишини ўлдирмоқчи бўлганлар ушланди

Самарқанд вилоятида ёлланма қотиллик жиноятини содир этишнинг олди олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди. 

Олинган тезкор маълумотларга кўра, 2002 йилда туғилган шахс Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни ўлдиришни мақсад қилиб, ёлланма қотил излаётгани аниқланган.

Шундан сўнг тезкор тадбир ўтказишга киришилиб, шартли ёлланма қотил тадбирга жалб этилган. 2002 йилда туғилган ушбу шахс шартли ёлланма қотилга ўзи билан келишмовчилиги бўлган шахсни ўлдиришни буюриб, унинг эвазига 2200 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини беришни ваъда қилган. 

Жорий йилнинг 27 январь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 24 ёшли шахс тадбирга жалб этилган ёлланма қотилдан гримланган мурда фотосуратини қабул қилиб олгач, 2 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини берган вақтида ашёий далиллар билан ушланган. 

У билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида қўлга олинган ушбу шахс ўзи ишлаб келаётган масъулияти чекланган жамиятнинг 1996 йилда туғилган раҳбари, Тошкент шаҳрида яшовчи қариндоши билан олдиндан мавжуд бўлган низолар ҳамда катта миқдордаги қарзи сабабли қотил ёллашга буйруқ бергани аниқланиб, мазкур шахс ҳам қўлга олинган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 


Теглар:
×